Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги X. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Тошкент вилояти ҳудудий бўлими ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 июнга қадар Суд экспертиза марказининг Тошкент вилояти бўлими халқаро стандартлар билан уйғунлашган O‘zDSt ISO/IEC 17025:2019 давлат стандарти талабларига жавоб берадиган бинога жойлаштирилади ҳамда махсус мебель, компьютерлар, бошқа зарур техника ва инвентарлар, шунингдек, юқори малакали профессионал кадрлар билан таъминланади.

Суд экспертиза марказида истеъмол маҳсулотлари таркибида генетик модификацияланган организмлар (ГМО) мавжудлиги ва ичимлик сувининг таркибини аниқлашга қаратилган тадқиқотларни амалга оширувчи Истеъмол маҳсулотлари ва ичимлик суви таркибини таҳлил қилиш лабораторияси ташкил қилинади.

2025 йил 1 декабрга қадар Суд экспертиза марказида суд-ахлоқшунослик экспертизаси, парфюмерия саноати маҳсулотларининг кимёвий таркибини ўрганиш ҳамда қурилиш материаллари бўйича тадқиқотлар олиб бориш йўлга қўйилади.

Суд экспертиза марказининг ҳудудий бўлимларида: 

2025 йил 1 октябрга қадар Навоий вилояти бўлимида Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси ҳамда Суд-хатшунослик ва ҳужжатларнинг суд-техникавий экспертизалари;

2025 йил 1 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида Суд-фонография, суд-ёнғин техника ва электротехника экспертизалари;

2026 йил 1 декабрга қадар Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлимида Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси ҳамда Суд-хатшунослик ва ҳужжатларнинг суд-техникавий экспертизалари тадқиқот турлари босқима-босқич жорий этилади.

ЎзА