Космик соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш, космик тизимларнинг турлари яъни ерни масофадан зондлаш, давлат космик мониторинги, космик алоқа тизими, юқори аниқликдаги сунъий йўлдош навигация тизимини такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга.

Космик ракета комплекслари (космодромлар)дан фойдаланиш, космик объектларни тамғалаш, ижарага бериш, космик объектларни ва техника воситаларини утилизация қилиш, космик инфратузилма ва фаолият хавфсизлиги, фаолиятни молиялаштириш асослари ҳамда халқаро ҳамкорлик масалаларини кенгайтириш зарур.

Сенат ялпи мажлисида “Космик фаолият тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Қонунда космик фаолиятга оид асосий тушунчалар ва принциплар, фаолиятни амалга оширишнинг мақсадлари, космик фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг космик фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Қонунда илм-фан, ижтимоий-иқтисодий, экология, мудофаа, хавфсизлик ва бошқа соҳаларга оид мақсадларга эришиш учун космик технологиялар воситасида космик фазони ва Ерни тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек, космик фаолиятнинг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва аҳоли соғлиғига таъсирини назорат қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор берилган.

Қонунда космик фаолият соҳасидаги стратегик йўналишлар ҳамда давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларидаги қонунчилик бузилиши ҳолларини космик суратларга ишлов бериш орқали аниқлашга кўмаклашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлиги назарда тутилган.

Сенат аъзоси Азамат Зиё мазкур қонунни тарихий қонун деб атади. Беш йил олдин Президентимиз қарорлари билан коинотни ўрганиш, соҳадаги ютуқларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича агентлик тузилди. Айтиб ўтиш керакки, аслида коинот билан боғлиқ ишларнинг тамал тошини буюк аждодларимиз – Хоразмий, Фарғонийлар қўйиб берган. Соҳада улкан ишларни амалга оширган. Улар яратган коинотга оид асарлар Европа университетларида дарслик ўлароқ ўқитилган.

Кейинчалик яна бир буюк аждодимиз Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний”си пайдо бўлди. Американи кашф этган Колумб ҳам Улуғбек яратган жадваллардан фойдаланган. Бундай бой тарихимизни нафақат ўрганиш, балки кенг оммага, халқаро ҳамжамиятга етказувчи кўргазмаларимиз бўлиши зарур. Бу борада соҳа вакилларига ҳаммамиз ёрдам беришимиз керак. Соҳага оид қонун ижодкорлигида миллий атамалардан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Сенаторлар маъқуллаган қонун билан космик фаолият соҳаси тартибга солиниб, масъул органлар, уларнинг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгиланди. Юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мудофаа ва хавфсизликни таъминлашда космик фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолати яратилди.

Қонун мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, ер муносабатлари, геология, сейсмик хавфсизлик, транспорт, қишлоқ, ўрмон, сув ва йўл хўжалиги соҳаларида муваффақиятли фаолият юритиш имконини беради.

Н.Абдураимова, ЎзА