БМТ Бош Ассамблеяси Ғазо секторида ўт очишни сўзсиз ва доимий тўхтатиш ҳамда гаровга олинганларни зудлик билан ҳеч қандай шартларсиз озод қилиниши талаб қилинган резолюцияни қабул қилди, деб хабар тарқатди “РИА Новости”.

Мазкур ҳужжатни 158 та мамлакат маъқуллади, тўққизта давлат қарши овоз берди, 13 давлат эса бетараф бўлди.

Бундан ташқари, БМТ Ғазо секторининг тинч аҳолиси “омон қолишлари учун зарур бўлган” асосий хизматлар ва инсонпарварлик ёрдамларидан зудлик билан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини талаб қилди.

Ноябрь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам Ғазо секторида “зудлик билан, сўзсиз ва доимий” ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасини қабул қилишга уринганди. Ўшанда ҳужжатга Қўшма Штатлар вето қўйганди.

БМТ Бош Ассамблеяси ўтган йили ҳам шунга ўхшаш резолюцияни қабул қилган. Унда ҳам анклавда ўт очишни инсонпарварлик нуқтаи-назардан зудлик билан тўхтатиш, шунингдек барча гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш, гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш талаб қилинганди.

Таассуфки, БМТтомонидан тегишли ҳужжат қабул қилинганига қарамай, у Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан фарқли ўлароқ, юридик кучга эга эмас.

2023 йил 7 октябрда Исроил Ғазо секторидан ракета ҳужумига учради. Шундан сўнг Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати жангарилари чегара ҳудудларига кириб, ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарата ўт очган ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олган. Бунга жавобан, Исроил мудофаа кучлари “Темир қиличлар” ҳарбий амалиётини бошлади, жумладан, тинч аҳоли яшаётган манзилларга  ҳужумлар уюштирилди ва Ғазо сектори тўлиқ қамал қилинди: сув, электр энергияси, ёқилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш тўхтатилди.

Эслатиш жоизки, шу йил май ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши  Ғазо сектори бўйича матбуотга махсус баёнот берган эди. Унда Ғазодаги  барча оммавий дафн этилган жойларни терговчилар бориб кўришини таъминлашга чақирилган.

Ўшанда Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Ғазо секторидаги Носир ва Ал-Шифа тиббиёт муассасалари ва унинг атрофида бир неча юзлаб жасадлар, жумладан, аёллар, болалар ва қариялар дафн этилган оммавий қабрлар топилгани ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотир билдирган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, зиддият бошланганидан буён 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

С.Раҳимов, ЎзА