Туркия кўмагида Эфиопия Федератив Демократик Республикаси ва Сомали Федератив Республикасининг Анқара декларацияси қабул қилинди. Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти маълумот бермоқда.

– Томонлар келишмовчиликлар ва баҳсли масалаларни ортда қолдиришга ва умумий фаровонлик йўлида ҳамкорликда қатъий ҳаракат қилишга келишиб олди, – дейилади икки мамлакат ўртасида қабул қилинган декларация матнида.

Ахборот ҳамкоримиз – “Анадолу”нинг ёзишича, Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоған 11 декабрь куни Анқара шаҳрида Сомали Федератив Республикаси раҳбари Ҳасан Шайх Маҳмуд ва Эфиопия Федератив Демократик Республикаси Бош вазири Абий Аҳмед Али билан учрашув ўтказган.

Сомали ва Эфиопия раҳбарлари бир-бирининг суверенитети, бирлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига, шунингдек, халқаро ҳуқуқ, БМТ Низоми ва Таъсис шартномасида мустаҳкамланган тамойилларга ҳурмат ва содиқлигини тасдиқлаган.

– Томонлар Сомали Федератив Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда Эфиопиянинг денгизга хавфсиз кириши билан боғлиқ масалаларни атрофлича келишиб олган, – дейилади “Al Jazeera” тарқатган ахборотда.

Давлатлар, шунингдек, Эфиопияга денгизга ишончли, хавфсиз ва барқарор кириш имкониятидан фойдаланиш имконини берувчи икки томонлама шартномалар, ижаралар ва шунга ўхшаш воситалар орқали ўзаро манфаатли тижорат битимларини тузишда ҳамкорликда ишлайди.

“AP News” манбасига кўра, томонлар Туркия кўмагида ушбу мақсадлар учун техник музокараларни 2025 йил февраль ойи охиридан кечиктирмай бошлашга ва уларни тўрт ой ичида якунлаш ва имзолашга қарор қилган.

Б.Худойбердиев, ЎзА