Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Халқаро бетарафлик куни ва Туркманистоннинг бетараф давлат мақомини олганига 29 йил тўлиши муносабати билан ўз халқига табрик йўллади.
– Бетарафлик барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, тинчлик ташаббусларини илгари суриш, шунингдек, халқаро масалаларни мулоқотлар орқали ҳал қилиш учун муҳим восита, – дейилади ҳукуматнинг расмий нашри бўлган “Нейтральный Туркменистан” газетасида эълон қилинган табрикда.
Бердимуҳамедов шунингдек, Туркманистон халқаро муносабатларда мустақилликнинг илк кунлариданоқ бетарафлик, тенг ҳуқуқлилик, яхши қўшничилик каби аждодлар тамойилларига амал қилиб келганини таъкидлаган.
– Туркманистонда халқаро муносабатларнинг муҳим жиҳатларига бағишланган олий даражадаги форум ва учрашувларнинг ўтказилиши бетараф давлатимизда тинчлик тамойиллари ғалаба қозонаётганидан далолат бўлиб, дунёнинг турли ўлкалари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилишига хизмат қилмоқда, -деган Туркманистон етакчиси.
Маълумот ўрнида, 2017 йилда Ашхобод ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 12 декабрни “Халқаро бетарафлик куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган.
С.Раҳимов, ЎзА