Бокс мамлакатимизда оммалашган спорт турларидан бири. Мазкур спорт тури бўйича улкан ютуқлар қайд этилаётгани барчага маълум. Жорий йилнинг 28 ноябрь кунидан 11 декабрь кунига қадар Таиландда ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси қўлга киритган натижалар буни яна бир бор исботлади.

Боксчиларимиз ушбу чемпионатда 11 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида медаль жамғаришда биринчи бўлди.

Қитъа биринчилигида 21 та давлатдан келган 210 нафар боксчилар иштирок этди. Унда эркаклар 13, аёллар эса 12 вазнда Осиё чемпионлиги учун рингга кўтарилди. Мусобақа давомида эркаклар жамоамиз 8 олтин, 2 кумуш ва 1 бронза, жами 11 медалга эга чиқди ва ушбу натижа орқали Қозоғистоннинг асосий жамоасини ва Украинанинг кучли таркибини ҳам ортда қолдирган ҳолда ўзбек бокси дунёда ва қитъамизда ҳамон етакчи эканини исботлади.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам Осиё чемпионатида 3 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган ҳолда аввалги натижаларини янада яхшилади.

Аниқроғи, 2022 йил Иорданияда ўтган қитъа биринчилигида қизларимиз 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалига эга чиққан эди. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ўтган йиллар мобайнида Элшод Расулов бошчилигидаги Ўзбекистон аёллар бокс терма жамоаси юқори савияга кўтарилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда бокс спорт турини янада ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида спортчиларимиз халқаро майдонларда юксак марраларни забт этмоқда. Хусусан, бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.

Мамлакатимиз бокс федерацияси томонидан спортчиларнинг жисмоний, руҳий ҳолатини ўрганиш асосида терма жамоаларнинг захирасини шакллантириш, ҳудудлардан иқтидорли ёшларни излаб топиш, селекция ишларини юксалтириш, истиқболли ёш боксчиларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш, юқори натижаларга эришаётган боксчиларни рағбатлантириш, малакали мураббийлар тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, халқаро даражада малака оширишига кўмаклашиш, аёллар боксини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда.

Шунингдек, федерация ва унинг минтақавий бўлимлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, салоҳиятли, жонкуяр ва малакали мутахассисларни жалб этиш, спортчилар, ҳакамлар билан ишлаш, малакали ҳакамларни тайёрлаш, Ўзбекистонда бокснинг ривожи ва оммавийлигини янада юқори даражага кўтариш, халқаро мусобақаларда эришилаётган ғалабалар салмоғини ошириш, ўзбек боксининг обрўси ва нуфузини мустаҳкамлаш, иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Спортчиларнинг нуфузли мусобақаларга пухта ҳозирлик кўришлари учун барча шароит яратиб берилаётир. Ушбу шароитлардан унумли фойдаланаётган боксчиларимиз малакали мураббийлар ва мутахассислар бошчилигида кучайтирилган машғулотларни ўтказмоқда. Машқ жараёнида олинган билим ва кўникмалар халқаро миқёсдаги мусобақаларда улкан зафар келтираётганини юқоридаги ғалабалар мисолида кўриш мумкин.

Боксчиларимиз жорий йилги мавсумда нафақат мамлакатимизда, балки, Испания, Франция, Россия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон каби бокс спорт тури ривожланган давлатларда халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.

Ушбу тизимли ишлар самарасида йилдан-йилга бокс бўйича қўлга киритилаётган нуфузли мусобақалардаги муваффақиятлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, 2024 йилги спорт мавсуми ҳам кўплаб ғалабаларга бой бўлди. Албатта, ҳамюртларимиз эришган ғалабаларни ёдга олиш барчамиз учун қувонарли.

Якунига етиб бораётган йилнинг 14-22 январь кунлари Сербиянинг Сомбор шаҳрида аёллар ўртасида ўтказилган “Миллатлар кубоги”да вакилларимиз 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза, 29 январь – 4 февраль кунлари Испаниянинг Ла Нусия шаҳрида ташкил этилган эркаклар ўртасидаги “Boxam” халқаро турнирида терма жамоамиз 4 олтин ва 2 бронза медалига сазовор бўлди.

2-11 февраль кунлари Болгария мезбонлик қилган “Странжа” халқаро турнирида чарм қўлқоп усталаримиз 6 та олтин, 2 та кумуш ва 6 та бронза медалига эга чиқди. Қайд этиш лозимки, мусобақа якунига кўра, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 5 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Руминияда 11-19 февраль кунлари ташкил этилган “Dracula” очиқ турнирида ўсмирларимиз 5 та олтин, 1 та кумуш медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Ёшлар терма жамоамиз бўлса, 4 та олтин 6 та кумуш ва 2 та бронза медалини нақд қилди. 8-25 февраль кунлари Россияда ёшлар ўртасида ўтказилган анъанавий халқаро турнирда 7 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медаль жамғарилди.

Март ойида эса Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Great Silk Way-2024” турнири якунларига кўра, 5 тадан олтин ва бронза ҳамда 6 та кумуш медалга эга чиққан боксчиларимиз апрель ойида Қирғизистонда ташкил этилган “Дуйшенқўл Шопоков” хотира турнирида 1 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза, жами 10 та медалга сазовор бўлди.

Қозоғистоннинг Астана шаҳрида 25 апрелдан 8 май кунига қадар давом этган 22 ёшгача бўлганлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ёшлар терма жамоамиз 7 олтин, 3 кумуш ва 12 та бронза, 22 ёшгача бўлган боксчиларимиз 4 та олтин, 6 та кумуш ва 10 та бронза медалига эга чиқди.

Россияда “Константин Коротков” хотирасига бағишланган мусобақа 13-19 май кунлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бокс терма жамоаси 7 та олтин ва 9 та кумуш медалига эга чиқди ҳамда умумжамоа ҳисобида ҳам медаль жамғаришда тенгсиз эканини яна бир карра исботлади. Қозоғистонда ўтган “Элорда кубоги”да эркаклар ва аёллар миллий терма жамоамиз 1 та олтин, 5 та кумуш ва 7 та бронза медали билан юртимизга қайтди.

13-18 май кунлари Венгриянинг Эгер шаҳрида ёшлар ўртасидаги халқаро турнирда эса 5 та олтин ва 2 та кумуш медаль билан вакилларимиз мусобақанинг энг яхши терма жамоасига айланди.

Шунингдек, иқтидорли чарм қўлқоп усталаримиз Россияда ўтган “BRICS” спорт ўйинларида 5 та олтин, 7 кумуш ва 8 бронза, “Осиё болалари” комплекс мусобақасида 7 тадан олтин ва кумуш ҳамда 2 та бронза медалларига эга чиқди ва медаль жамғаришда умумжамоа ҳисобида тенгсиз бўлди. Шунингдек, “Ахмат-Хожи Қодиров” хотирасига бағишланган халқаро турнирни терма жамоамиз 5 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медали билан якунлади.

27 августдан 10 сентябргача БААнинг Ал-Айн шаҳрида ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўтказилди. Унда кичик ўсмирларимиз 5 тадан кумуш ва бронза, ўсмирларимиз эса 14 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медалини делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Черногорияда 21 октябрь 4 ноябрь кунлари ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда спортчиларимиз 5 тадан олтин ва кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумий медаль жамғаришда иккинчи ўриндан жой олган бўлса, эркаклар терма жамоамиз 5 та олтин билан жадвалда карвонбошига айланди.

Мавсумнинг энг ёдда қолган мусобақаси – Олимпия ўйинларидаги муваффақиятлар ҳамон ёдимизда. Айниқса, боксчиларимизнинг қўлга киритган улкан ютуқларига дунё ҳавас қилди.

“Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларига Ўзбекистон боксчилари 11 та вазнда йўлланмани нақд қилди. Бунда эркаклар терма жамоамиз жаҳонда биринчилардан бўлиб тўлиқ таркибда лицензияни нақд қилган бўлса, аёллар жамоамиз эса тарихда илк бор 4 та вазнда Олимпиадада иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон бокс терма жамоаси лицензия жамғаришда Осиёда тенгсиз, дея эътироф этилди.

Париж шаҳрида ўтган ёзги ХХХIII Олимпия ўйинларида Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Лазизбек Муллажонов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Абдумалик Халаков каби боксчиларимиз олтин медаль соҳибига айланди ва терма жамоамиз Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида медаль жамғаришда жадвалнинг юқори поғонасидан ўрин олди.

“Париж-2024” Олимпия ўйинларининг бокс мусобақасида тажрибали ҳакамимиз Алишер Полвонов ҳам муваффақиятли фаолият олиб борди. Бунинг самарасида  Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда “Париж-2024” Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси президенти Тони Эстангует томонидан махсус сертификат билан тақдирлади.

Йил давомидаги кескин ва муросасиз жангларда зафар қучган боксчиларимиз жасорати, шижоату матонати бутун дунёни лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимизда спортга улкан эътибор қаратилаётгани, ёш спортчиларимизнинг юрт шаънини янада юксалтириш ниятида ҳар бир тўсиқдан мардонавор ўтиши натижасидир.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА