Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Мен омадли тадбиркор аёлман” мавзусида фаол тадбиркор хотин-қизлар форуми ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳoбов давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган имкониятлар натижасида сўнгги йилларда ишбилармон аёллар сони ортиб, янги иш ўринлари яратилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркор ва ўз-ўзини банд қилган фаол хотин-қизлар сони 16 минг 675 нафардан ошди. Нукус шаҳри шу йилнинг январь-октябрь ойларида давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлар сони 745 нафарни ташкил этди. Шундан, 242 та корхона хотин-қизлар томонидан ташкил этилган.
Форум давомида иштирокчилар бизнесни самарали ташкил этиш, уни натижали бошқариш, тадбиркорлик оламида муваффақиятга эришиш сирлари каби бир қатор билим ва кўникмаларга эга бўлди. Шунингдек, анча йиллик тажрибага эга тадбиркорлар бизнес соҳасида чет эл тажрибаларини Қорақалпоғистон Республикасида йўлга қўйиш, замонавий тизимларни амалда қўллаш каби қатор тажрибалар билан ўртоқлашди.
Тадбир сўнггида фаол қатнашган тадбиркор хотин-қизларга эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА