Ғолиблар бир йиллик бадал тўловларидан озод қилинади
Пойтахтимиздаги Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг “Санъат йўналиши” Республика кўрик-танловининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда баркамол авлодларни вояга етказиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ғоя ва ташаббусларини муносиб рағбатлантириш борасида самарали ишлар қилинаётгани ҳақида сўз юритди. Берилаётган бундай кенг имкониятлар ёшларимизнинг келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишларига замин яратишини таъкидлади.

2222.JPG
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори бу борадаги ишлар самарасида муҳим асос бўлаётир.

Танловда 150 га яқин ўқувчи-ёшлар “Театр санъати”, “Тасвирий санъат”, “Амалий санъат” ҳамда “Хореография санъати” йўналишлари бўйича ўзаро беллашди. Иштирокчиларни маданият ва санъат соҳасининг етакчи мутахассислари баҳолаб борди.
Ғолиблар 12 август куни бўлиб ўтадиган танловнинг якуний қисмида эълон қилинади. Танловда 1-ўринни эгаллаган иштирокчи бир йил давомида болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги бадал тўловларидан озод қилиниши кўзда тутилган.

 

Гулноза Бобоева, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА