Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этди.
Билдирилган эзгу тилаклар, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, тарбияланувчиларнинг рақс дастурлари тадбирга янада кўтаринки руҳ бахш этди. Давлатимиз томонидан яратилган шароитлардан ўзларига қанот ясаб, ҳаёт синовларини мардонавор енгиб ўтаётган ушбу ақлан ёки жисмонан заиф аёллар шижоати таҳсинга лойиқ.
Мана шундай тадбир Чимбой “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида ҳам бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган масъуллар қаторида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳам ушбу сананинг аҳамияти, мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Тарбияланувчилар иштирокидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири