Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Жамоатчилик назорати – давлат ислоҳотларининг амалга оширилиши жараёнларига хизмат қилади” мавзусида очиқ мулоқот ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири билан нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учрашуви ўтказилди.

Тадбир “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кўмагида, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари, депутатлар, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат арбоблари, бошқа жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Тажибай Романов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Ражаббай Нуразизов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Элмурод Турсуновлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини ошириш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган. Шунга мувофиқ, ҳафталикни жорий йилнинг 2-6 декабрь кунлари республиканинг барча ҳудудларида ўтказиш режалаштирилган.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни миллий ва халқаро ҳамжамиятга етказиш, ҳамда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, асослантирилган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ҳафталик доирасидаги тадбирларда халқаро ва хорижий ташкилотлар, вазирлик, идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 50 дан ортиқ форум, конференция ва давра суҳбатини ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув, “Биз донормиз!” хайрия акцияси ўтказилади.

Ушбу тадбир истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш, шунингдек, шаффофлик ва инклюзивликни ошириш бўйича мулоқот ва кейинги қадамларни аниқлаш учун очиқ платформа бўлиб хизмат қилади. Ҳафталик шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва давлат органлари ва ҳамда жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири