Маълумки, 3 декабрь куни Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль телевидение орқали халққа йўллаган мурожаатида мамлакат ҳарбий ҳолатдалигини эълон қилди. Бу охирги 45 йил давомидаги илк шундай вазият. Зеро, қитъамизнинг мазкур энг ривожланган давлатларидан бири кўпчилик томонидан ўз замонасининг диктатори сифатида таърифланган етакчиси Пак Чон Хи ўлдирилган узоқ 1979 йилдан буён ҳарбий вазиятга тушмаган эди.
Амалдаги давлат раҳбарининг ушбу қароридан сўнг, кеча Миллий кенгаш биноси ёнида оломон тўплана бошлаган. Табиийки, ичкарига кириш йўлагида полициячилар тиғиз саф тортишди.
Демократик партия етакчиси парламентдаги барча аъзоларини йиғилишга чорлади. Бу ахборотни ВВС мухбирига депутат Хонг Ки Вон тасдиқлаган. Унинг айтишича, спикер У Вон Сик келиши билан ҳарбий ҳолатни бекор қилиш масаласи овозга қўйилиши кутилган. AFP агентлиги ўша пайт иншоот томига вертолётлар қўнганини ёзиб чиқди.
Жанубий Кореянинг асосий янгиликлар агентлиги “Yonhap” эса тўғридан-тўғри эфир орқали парламент атрофида аста-секин одамлар тўпаланаётгани, бино ичкарисига фақат Миллий кенгаш аъзолари ва бошқа тегишли ходимлар ҳамда ОАВ вакиллари ўтказилганини кўрсатди.
Шундан сўнг “Reuters” 300 депутатдан 190 нафари Юн Сок Ёль томонидан жорий этилган ҳарбий ҳолатни бекор қилиш қарорини ёқлаб овоз берганини хабар қилди.
Жараён арафасида бир гуруҳ ҳарбийлар Миллий кенгаш биносига киришга уринган, уларнинг айримлари ичкарига ўтиб олиб, бир муддат қолишган. Овоз бериш якунлангач, ҳудудни тарк эта бошлаган.
ВВСнинг Сеулдаги мухбири парламент биноси ёнидаги оломоннинг норози кайфиятига эътибор қаратди. Унинг сўзларига қараганда, одамлар қичқириб, “Ҳарбий ҳолат керак эмас!”, “Дарвозаларни очинг!” каби талабларни қўйишган. Вақти-вақти билан огоҳлантирувчи мусиқа (сирена) товуши янграган.
Парламентнинг асосий кириш жойи яқинида полиция ва намойишчилар ўртасида бир неча тўқнашув юз бергани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Жанубий Корея конституциясига мувофиқ, парламентда кўпчилик талаби билан ҳарбий ҳолат тўхтатилиши мумкин. Ҳарбийлар эса Президентнинг ўзи қарорини бекор қилмагунча, буйруққа риоя этишларини билдиришди.
Дарвоқе, мамлакатда шу йил баҳорда бўлиб ўтган парламент сайлови ғолиби – Демократик партия Миллий кенгашдаги мавжуд 300 ўриндан 192 тасини эгаллаган.
Президентнинг “Халқ кучи” партияси аламли мағлубиятга учрагач, фракция етакчиси Хан Дон Хун ва Бош вазир Хан Док Су истеъфога чиқди.
ОАВ ёзишича, мазкур сайловни ваколати тугашига 3 йил қолган Президентга нисбатан ишонч даражасини ифодаловчи оралиқ референдум сифатида баҳолаш мумкин.
Хуллас, шундан сўнг “Демократик партия” Юн маъмуриятини масъулиятсизликда айблади, “Корея инновацион партияси” етакчиси, собиқ адлия вазири Чо Гук эса давлат раҳбарини янаям кескин ва қўпол тарзда ҳақорат қилди. Ўз навбатида Президент парламентни ўзи илгари сураётган ташаббусларни амалга оширишга йўл бермаётганликда айблади.
ВВСнинг Сеулдаги мухбири эслатишича, Президент ўзи учун зарур қонунларни тасдиқлата олмаган. Бунинг ўрнига, шунчаки, мухолифат томонидан қабул қилинган ҳар қандай қонунга вето қўйишига тўғри келган.
Масалан, шу ҳафта Демократик партия ҳукумат ва Президент партияси томонидан таклиф қилинган бюджетни қисқартирди. Бинобарин, бу ҳужжатни Юн Сок Ёль тақиқлай олмайди.
Дарвоқе, давлат раҳбарининг рафиқаси Ким Гон Хи 2023 йил бир можарога аралашиб қолган эди. Яъни, у омма олдида “Dior” брендига тегишли, эҳтимол совғага олинган, қимматбаҳо сумка кўтарган ҳолатда пайдо бўлган. Қонун эса сиёсатчилар ва уларнинг турмуш ўртоқлари қиммат совғалар олишини расман ман этади. Табиийки, ўшанда Юн Сок Ёль аёли учун кечирим сўрашга мажбур бўлган.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА