Асосий мақсад хавфсизликни таъминлашми ёки иккинчи томонни енгиш?

Украинанинг НАТОга аъзолиги масаласи глобал хавфсизлик қурилмасида муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу мақолада Украина НАТОга қўшилиши билан қандай ўзгаришлар юз бериши, Россия жараёнга қандай муносабат билдириши мумкинлигини таҳлил қилишга уринамиз.

Нега айнан NATO?

Хавфсизлик ва мудофаа. НАТОга кириш Украина хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш имконини беради. Мазкур альянс жамоавий мудофаа тизими бўлиб, тузилма низомининг 5-моддаси бирор аъзо давлатга қилинган ҳужум бошқаларга ҳам таҳдид сифатида қабул қилинишини назарда тутади. НАТОга аъзолик Украина учун стратегик ҳимоя кафолатини тақдим этиши, айниқса, Россия билан давом этаётган можаро шароитида жуда долзарб.

Сиёсий интеграция. НАТОга қабул қилиниш Украина учун нафақат ҳарбий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим. Айни жараён Украинани Ғарбнинг демократия ва қонун устуворлиги тамойилларига яқинлаштиради. Натижада ички ислоҳотни кучайтириш, иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш имкони пайдо бўлади.

Минтақавий барқарорлик. Украинанинг НАТОга аъзолиги бутун Шарқий Европа минтақасидаги геосиёсий мувозанатни ўзгартириши мумкин. Минтақадаги бошқа давлатлар, масалан Грузия ёки Молдова ушбу янгиликдан илҳомланиб, Ғарб билан интеграцияни кучайтиришга интилади.

Россиянинг муносабати. Табиийки, Россия Украина НАТОга қўшилишини рад этади ва буни миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида кўради. Ўз чегаралари яқинида ҳарбий фаоллик кучайиши, НАТО мудофаа ҳудуди кенгайишини қабул қила олмайди. Бунга жавобан ҳарбий кучини жойлаштириши, мавжуд инфратузилмани кучайтириши аниқ. Масалан, 2021-2022 йиллари Украинага қарши ҳарбий амалиёт кучайтирилиши шу жараённинг бир бўлаги.

Москва дипломатия майдонида ҳам фаоллашади: НАТО кенгайишини тўхтатиш мақсадида бошқа мамлакатларга босим ўтказишга уриниши мумкин. Шунингдек, РФ минтақавий иттифоқчилар ва ҳамкор ташкилотлар (масалан, ОДКБ)ни кучайтиришга ҳаракат қилади.

Шундай қилиб, Украина НАТОга қабул қилиниши глобал хавфсизлик тизимида сезиларли ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Бу воқеа нафақат Украинага хавфсизлик кафолатини тақдим этиши, балки минтақавий барқарорликка ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутиляпти. Россия бу жараённи рад этиб, ҳарбий фаоллигини ошираётгани эса халқаро муносабатларда янги зиддиятларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Нима бўлганда ҳам вазият умумий назорат остида бўлгани маъқул. Ишонамизки, халқаро жамоатчиликнинг биргаликдаги ҳаракати муаммоларни ҳал қилиш, масалага қулай ечим топиш, барча мамлакатлар ва халқларнинг барқарор келажагини таъминлашга хизмат қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА