Халқаро ҳамжамиятдан ажралиб қолмаслик учун ҳаракат қилаётган Германия Украинанинг “кўнглини кўтариш”га интилмоқда.

Охирги марта икки йил олдин Украинага келган Канцлер Олаф Шольц душанба куни яна шу ишни амалга оширишга жазм қилди. Киевни бундан буён ҳам Россияга қарши урушда қўллаб-қувватлашга ваъда бераркан, унинг мамлакати “Taurus” ракеталари етказиб бера олмаслигини билдирди.

Германия Украинанинг энг кучли иттифоқчиларидан бири бўлса-да, Шольц Президент Владимир Зеленскийнинг икки асосий – ГФР ва Швеция ишлаб чиқарадиган, узоқ масофага учувчи ракеталарни етказиш ва НАТОга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш талабига қарши чиқди.

Февраль ойидаги сайлов олдидан Шольц ўзининг эҳтиёткор қарашини ҳимоя қилган. Яъни, бундай ёндашув Украинани жиддий қўллаб-қувватлаш ва можаро тўғридан-тўғри НАТО– РФ қарама-қаршилигини келтириб чиқариши хавфини имкон даражасида камайтириш ўртасидаги мувозанат сифатида баҳоланган эди.

–Бу қарор бизнинг қўллаб-қувватлашимизни камайтирмайди, ҳозир ҳам кейин ҳам Украинани ҳимоя қилишда давом этамиз,– деди Шольц Киевда.

Украинанинг НАТОга йўли

Россия ва Украина ўртасидаги жараён “қайноқ” нуқтага яқинлашган бир пайтда Зеленский Киев назорати остидаги ҳудуд НАТОга кирса, “урушнинг попуги пасайиши”ни тахмин қилмоқда.

Баъзи Ғарб давлатлари ноябрь ойида Киевга ўзлари етказиб берган қурол билан узоқ масофадан зарба йўллашга рухсат берди. Қарор ортидан Россия Украинага қарата тўхтатиб бўлмайдиган, ўрта масофага мўлжалланган “Орешник” номли баллистик ракета йўналтирди. Президент Владимир Путин “бу ҳали бошланиши” эканини билдирди. Қайд этиш жоиз, бундай ракета урушда биринчи марта қўлланди.

Украинанинг НАТОга қабул қилиниши ҳақида гапираркан, Шольц бу Украина ўйлагандек осон иш эмаслиги, ҳаммасини тинчлик йўли билан ҳал қилиш лозимлигини таъкидлади.

–Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан таъминлаш бўйича етакчи бўлган Германия Киевга аллақачон бешта IRIS-Т тизими, учта Патриот тизими ва 50 дан ортиқ Гепард ўзи юрар зенит қуроли етказган, – деди канцлер. – Яқин орада ҳарбий ёрдамнинг яна бир жамланмаси – бошқа IRIS-Т тизими ва Гепардлар юборилади. Кейинги кўмак ҳам 2025 йилгача режалаштирилган.

Зеленский Россиянинг оддий аҳоли манзиллари ва энергетика инфратузилмасига ҳужуми давом этаётганига тўхталиб, сўнгги ойларда 347 та турли ракета учирилганига урғу берди.

Украина етакчиси Ғарб давлатларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақириб, қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, 20 га яқин муҳим сайт ҳимоясиз қолаётганини айтди.

Шольцнинг ташрифи Зеленский уни Путин билан телефон орқали мулоқот қилгани учун танқид қилгандан кейин юзага келган сўнгги кескинлик ортидан содир бўлди.

Ўшанда Зеленский ГФР Канцлерининг РФ раҳбари билан қилган мулоқотидан норозилигини қуйидаги мазмунда билдирган:

– Бу бошқа етакчилар ҳам шундай қилишига туртки бериб, Путиннинг халқаро миқёсда ихоталанишини камайтириши, уни Украинага кенг кўламли бостириб киришни қонунийлаштиришга ундаши мумкин.

Германия етакчиси эса ўзини ҳимоя қилиб, Путинга Украина келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга суверен давлатлигини айтиб, Украина ёлғиз эмаслиги, ҳамкорлар ёрдами давом этишини етказганини таъкидлади.

Ташриф давомида Зеленский Шольцни ҳарбий госпиталга олиб борди. Муассасада яраланган аскарлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бундан ташқари икки раҳбарга маҳаллий ва немис компаниялари ҳамкорлигида яратилган дронлар ҳам намойиш қилинди.

Мусулмон Зиё, ЎзА