Сингапур Бош вазири, афсонавий шахс Ли Куан Ю коррупцияга қарши қандай курашиш кераклигини дунёга кўрсатиб қўйди, десак муболаға бўлмайди. У 40 йил ичида денгиз четидаги ботқоқ, лой тупроқли қолоқ бир қишлоқни иқтисодиёти ривожланган, коррупциядан, деярли, холи янги давлатга айлантирди. Бугун ер юзида ноёб ва мўъжизавий Сингапур иқтисодиёти ҳақида эшитмаган одам топилмаса керак. Бу натижага осонликча эришилгани йўқ, албатта.

Ли Куан Ю: Человек, построивший Сингапур - The Steppe

Коррупцияга қарши курашни Ли Куан Ю ўзидан бошлади, дейиш мумкин. У давлат мулкини талон-тарож қилгани учун туғишган акаси ё укасини отиб ташлашга фармон бергани хусусида миш-миш бор. Бу ҳақдаги маълумот очиқ матбуотда йўқ ва кўп айтилавермайди ҳам. Қариндош-уруғи, яқин дўстлари амалидан фойдалангани ёки ноқонуний олди-бердига аралашгани учун озодликдан маҳрум этилгани, қамалгани маълум. Ли ҳазиломуз бир гапни кўп қайтарарди: Коррупцияни енгмоқчи бўлсанг, дўстларинг, яқинларингни турмага ташлашга тайёр тур!

Как Сингапур поборол коррупцию. Применим ли его опыт в борьбе с коррупцией  в Кыргызстане? Часть I - ELGEZIT

Ли Куан Ю “Халқ ҳаракати” партияси билан сайловда ютиб чиқиб, Бош вазир курсисига ўтиргач, нафақат мамлакати, балки бутун дунёда коррупцияга қарши кураш рамзи, тимсолига айланди. Айни жараёнда у яхши натижа берадиган самарали йўлларни топди, ўз тажрибасида шундай усулларни фаол қўллади. Аввало адолат-у ҳақиқат бош маслаги бўлган, ҳеч кимга, ҳеч нимага бўйсинмайдиган қудратли махсус хизмат – Коррупция амалларини тергов қилиш бюроси (CPIB)ни ташкил этди.

СИНГАПУР. Бюро по расследованию коррупционных практик (CPIB)
СИНГАПУР. Бюро по расследованию коррупционных практик (CPIB)

Сингапурда жиноят содир этган ҳар қандай шахс – давлат мулозими бўладими ёки бирор катта амалдор, кимлигидан қатъи назар, оддий фуқаро каби қонун олдида жавоб беради. Жамиятда дахлсиз тоифа, қатлам ёки жамоа тушунчаси йўқ. Шу ўринда Сингапур ва Ўзбекистонга хос бир ҳолатни эсга олиш жоиз. Давлатимиз раҳбари бошқарувга келган дастлабки кунлариданоқ “Халқ ҳукуматга эмас, ҳукумат халққа хизмат қилади”, дея аниқ ва равшан таъкидлаган. Сингапурда ҳам шундай: амалдор ёки обрўли мулозим жиноят содир этдими, ўзини халққа, жамиятга, давлатга қарши қўйдими, зудлик билан ва сўзсиз жавобгарликка тортилади. Масалан, CPIB ходими нафақат мансабдорнинг ўзи, балки унинг турмуш ўртоғи, фарзанди, қариндош-уруғи, ҳатто дўст-у биродарларининг ҳам банкдаги ҳисоб рақамини текшириш ҳуқуқига эга. Мабодо “кўрпасига қараб оёқ узатмаётган”, даромади буромадига тўғри келмаётган шахсни аниқласа, махсус топшириқ кутиб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри суриштирув, тергов бошлай олади.

 

Первый министр Сингапура потерял работу из-за обвинений в коррупции -  Vietnam.vn

Бундай амалиёт асосан юқори раҳбарлик лавозимида ишлаётган шубҳали амалдорларга нисабатан қўлланади. Илк бор жиноят содир қилган ёки адашиб нотўғри йўлга кириб қолганлар учун жазо чораси енглироқ. Уларнинг иши ортиқча шов-шувсиз олиб борилиб, кўпинча қонунга зид равишда орттирган даромадидан маҳрум қилинади.

1989 йил коррупцияга аралашганлик учун жарима – 10 000 дан 100 000 Сингапур долларига кўтарилган. CPIB фаолияти даврида мамлакат миқёсидаги бир неча вазир, касаба уюшмаси раҳбари, давлат компаниялари топ-менежерлари жазоланиб, озодликдан маҳрум этилган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Ви Тун Бун 1975 йил Индонезияга оиласи билан саёҳат қилади. Сайр унинг шафелигида қурилиш билан шуғулланаётган хизматчи томонидан молиялаштирилади. Шу пудратчи мулозимга 500 минг Сингапур доллари қийматига тенг турар-жой ҳам совға қилади. Кўчмас мулк-фонд бозорида савдогарлик қилиш учун вазир отасининг номига 300 минг доллар кредит ҳам олади. Бу воқеаларни диққат билан кузатиб бораётган CPIB агентлари вақти келганда зудлик билан ишни судга оширади. Натижада суд ҳукми билан ноқонуний ундирилган маблағ тўлиқ давлат ҳисобига ўтказилади. Вазирга нисбатан олти ой қамоқ жазоси қўлланади.

Международный опыт борьбы с коррупцией: современная модель Сингапур

Етарли маош – софлик, покизалик гарови, дейишади сингапурликлар. Сингапурда амалга оширилган яна бир намунали иш – давлат хизматчилари иш ҳақи кескин оширилишидир. Ли Куан Ю мулозимларга энг кўп иш ҳақи тўлаш ташаббуси билан чиқди ва бу қарор тўғрилиги исботланди.

– Ҳукумат бошқарувида фаолият кўрсатаётган софдил, виждонли, ҳақиқатгўй одамлар яхши маош олишлари лозим, – деганди Бош вазир. – Агар улар иши учун кам ҳақ олса, коррупцияга кескин қарши тура олмайди. Натижада эгри йўлга кириб кетиш, ноқонуний олди-бердига аралашиш хавфи кучаяди.

Мансабдорлар маоши оширилгач, давлат ишида юқори малакали мутахассислар кўпайди. Мамлакат иқтисодий жиҳатдан жадал ривожлана бошлангач, мулозимлар, хусусан давлат хизматчилари, қози-судьялар даромади хусусий сектор вакиллари, корпорациялар топ-менежерлари даражасига кўтарилди.

Как изменился за последние 50 лет город-государство Сингапур и чем он  поражает людей из самых развитых стран

Ли Куан Ю ҳукумати бу миқдорни ҳам етарли, деб ҳисоблагани йўқ. Яъни, ва вазирлар, судьялар ва бошқа юқори лавозимдаги давлат хизматчилари маошини тўғридан-тўғри хусусий сектор даромадидан тушадиган солиққа боғлаб қўйди. Натижада давлатга солиқ тушуми кескин кўпайди, маошлар ҳам сезиларли суръатда ошди.

Сингапур оммавий ахборот воситалари коррупцияга қарши курашга кенг сафарбар этилиши ҳам бошқа давлатларга ўрнак бўладиган жиҳат. Айни жараёнда жамиятдаги коррупция билан боғлиқ воқеа-ходисаларни ҳаққоний ёритадиган мустақил, холис оммавий ахборот воситалари шакллантирилди, ходимлар коррупцияга қарши йўналтирилди.

Порахўрлик билан ушланган амалдор шу заҳоти газеталарнинг биринчи саҳифаси қаҳрамонига айланарди. Етакчи ОАВ таркибида коррупцияга аралашган оддий фуқародан тортиб, давлат мулозимига қадар, ҳар қандай шахс ҳақида ҳеч иккиланмай, мустақил суриштирув ўтказа оладиган мутахассислардан иборат махсус бўлимлар ташкил этилди. Бу жараёнда журналистлар тинимсиз малакасини ошириб, тажриба тўплаб, ихтисослашиб бордилар.

Как Сингапур победил коррупцию и стал финансовым центром Азии »  BigPicture.ru

Даромадига мос яшамаётгани гумон қилинган мулозим ўзини айбдор ҳисобламаса, ҳақлигини фақат ўзи исботлаши лозим эди.

– Коррупциячи ходимнинг бор мол-мулки мусодара қилиниши лозим, – деб ҳисобларди Ли Куан Ю. – Шундагина самарали натижага эришиш мумкин.

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА шарҳловчиси