Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини бутунлай тақиқловчи қонун қабул қилинди. Ҳужжат бундай тақиқ бўйича дунёдаги энг қатъий талаблардан бири экани таъкидланмоқда.
Таъкидланишича, қабул қилинган қонун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича дунёдаги энг қатъий талаблардан биридир. Сўровларда аҳолининг 77 фоизи бу қонунни қўллаб-қувватлади.
Фойдаланувчиларнинг ёши қандай аниқланишига ойдинлик киритилмаган. Буни 2025 йил ўрталарида ўтказиладиган синов даврида тушунтириш режалаштирилган. Қонун бир йилдан кейин кучга киради.
Ҳужжатда гап қандай ижтимоий тармоқлар ҳақида бораётганига ҳам аниқлик киритилмаган. Австралия алоқа вазири Мишель Роуленднинг таъкидлашича, TikTok, Instagram, X (собиқ Twitter), Facebook, Reddit, Snapchat тақиқланган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, тақиқ YouTube`га таъсир қилмайди, чунки унинг «муҳим» бўлган таълимий мақсади бор, дея аниқлик киритди вазир.
Технологик гигантлар қонунга риоя қилмаса, 49,5 миллион Австралия доллари миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
Қонун танқидчилари, жумладан, олимлар, сиёсатчилар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай тақиқлаш тескари натижага олиб келиши, ўсмирларни даркнетдан фойдаланишга ундаши ёки уларни янада яккаланиб қолишга мажбур қилишини таъкидламоқда.
BBC нашрининг ёзишича, экспертлар ҳам VPN ёрдамида тақиқни четлаб ўтиш мумкинлигини таъкидламоқда. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маҳаллий бўлими қонунга қарши чиқди. Унинг баёнотида айтилишича, энди ижтимоий тармоқ эгалари Австралиядаги фойдаланувчилардан биометрик маълумотлар ёки ҳужжатларни юклаб олиш орқали ўз ёшини тасдиқлашни талаб қила бошлашлари мумкин, бу эса шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқининг бузилишига олиб келиши мумкин.
Кутилганидек, мазкур қонунни Google ва Shapchat ҳам танқид қилди, Meta эса қабул қилинган чекловлар «самарасиз» бўлишини ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича эълон қилинган мақсадга мос келмаслигини айтди.
Хўш, Сиз қандай фикрдасиз? Юртимизда ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонун қабул қилинишига эҳтиёж бормикин? Ўз фикр ва мулоҳазаларингизни комментарияда қолдиришингиз мумкин…
М.Турдалиева, У.Тўхтаев ЎзА