“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси​ Евроосиё мукофотига сазовор бўлди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси авиамаркетинг соҳасидаги ютуқлари учун Қозон шаҳрида бўлиб ўтган «Нetwopk 2018» форумида Евроосиё мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда МАК ахборот хизмати хабар қилди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Қозондаги ваколатхонаси 29-июлдан 1-октябргача мазкур шаҳарда йўналишларни ривожлантириш бўйича бўлиб ўтган «Нетwорк-2018» Евроосиё форумида иштирок этди.
Тўрт кун давом этган форумда авиакомпаниялар, аэропортлар, минтақавий сайёҳлик марказлари, авиация инфратузилмаси ва туризмни ривожлантириш учун масъул бўлган федерал ва минтақавий идоралар вакиллари ҳамда дунёнинг барча ҳудудларидан келган сайёҳлик операторлари қатнашди.
Нетwорк​ музокаралар дастури ушбу анжуманнинг асосий тадбири бўлди. Дунёнинг 200 дан ортиқ машҳур авиакомпаниялари вакиллари “Б2Б” форматидаги учрашувларда иштирок этиб, йўналиш тармоғини кенгайтириш, авиакомпанияларнинг режалаштириш стратегиясини шакллантириш ва соҳани ривожлантириш тенденцияларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Форум доирасида Евроосиё минтақасидаги фуқаро авиацияси корхоналари, авиакомпаниялар ва аэропортлар ўртасида авиация маркетинги соҳасида Евроосиё мукофоти лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Миллий авиакомпанияси “Мarketing awards 2018”номинацияси ғолиби бўлди.
Маълумот учун: Евроосиё мукофоти Россия фуқаролик авиацияси Стратегик ривожланиш маркази томонидан ташкил этилган бўлиб, авиакомпания ва аэропортларнинг тижорий ва маркетинг фаолиятини маълум мезонлар ва сифат кўрсаткичлари бўйича объектив баҳолаш йўли билан лауреатларни танлаб олишни кўзда тутади.

 

ЎзА