Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида академик Беҳзод Йўлдошев хотирасига бағишланган “Академик ва ёшлар: илм-фан тараққиётини ёшлар яратади!” мавзусида академиклар ва ёшлар конгресси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти олий таълим муассасалари раҳбарлари, докторантлар, илмий изланувчилар, ёш олимлар, магистрантлар ва иқтидорли талабалар иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади – ёшларни илм-фан ва инновацияга жалб этиш, уларда илмий қизиқишни ошириш ҳамда мамлакат келажаги учун зарур бўлган етук олимларни етиштиришдан иборат.
Конгресс давомида академиклар ўз илмий фаолиятининг муҳим босқичлари, дуч келган қийинчиликлари ва уларни енгиб ўтишда қўлга киритган тажрибаларини ёшлар билан ўртоқлашди. Шунингдек, илм-фан соҳасидаги долзарб муаммолар, илмий тадқиқотларда янги технологияларнинг аҳамияти, жаҳон миқёсидаги илмий ютуқлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Мазкур тадбир ёшлар учун илм-фан оламига йўл кўрсатиш, уларни илмий изланишларга илҳомлантириш ва ўзлари танлаган йўлда дадил қадам ташлашига ёрдам беришга қаратилган. Конгрессда иштирок этаётган ёшлар учун бу академиклар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, ўзларининг келажакдаги илмий фаолияти учун зарур маслаҳат ва тавсиялар олиш имкониятини яратди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА.