Ўзингизни ва яқинларингизни азобга қўйманг!

Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик ва мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаса, Яратганнинг раҳматини топади. 
Бунинг учун турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, ИНСОН деган улуғ номга мувофиқ иш тутиши керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Одам фарзандларини мукаррам қилиб яратган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси, 70-оят).
Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар айниқса, хотин-қизлар, ёшлар билиб-билмай, ўз жонига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънат ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши жуда ҳам қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло айтади: “…ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”. (Нисо сураси, 29-оят).
Кўплаб саҳиҳ ҳадисларда ҳам ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ экани ва унга қўл урган банда жаҳаннам ўти билан абадий азобланиши таъкидланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобда қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобда қолади”,деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Инсон борки, бошига турли мусибат ва муаммолар тушади. Бу мусибатларни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон кишининг ишидир. Бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб аюҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутулишнинг ягона йўли, деб билиш – иймоннинг заифлигидан. Ваҳоланки, бу йўл ечим эмас, балки энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир.
Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:“Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деди. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинар экан.
Афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки, бугун ҳам кишилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу мудҳиш ҳолатлар ислом шариатида қоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Қолаверса, киши бу ҳаракати билан ўз ота-онаси, хешу-ақраболарини ҳам оғир кулфатга солиб қўяди. Бунинг оқибатида болалар етим қолмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда.
Президентимиз раислигида жорий йил 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланишича, ўтган 6 ойда 2066 нафар юртдошимиз ўз жонига қасд қилган. Минг афсуски, уларнинг 1251 нафари вафот этган. Охирги икки ҳафтада 79 шундай ҳодиса рўй берибди.
Бу рақамлар ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қалбини ларзага солади. Самарқанд вилоятида ҳам бундай ҳолатлар учрамоқда. Маълумотларга кўра, йилнинг биринчи ярмида 194 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб, уларнинг 106 нафари вафот этган. Ушбу ҳолатларни жойига бориб ўрганганимизда, оиладаги кичик бир келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик ёки айрим ижтимоий-иқтисодий, маиший муаммолар бунга сабаб бўлгани аниқланмоқда. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммони сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди!
Аллоҳ таоло бизга омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини солиҳ амаллар қилишга, савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларимизни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик билан яшашга интилиш – ҳақиқий иймонли инсоннинг баркамол фазилати ҳисобланади.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакили, 
вилоят бош имом хатиби

 

ЎзА