Қорақалпоғистон Республикасида “Интеллектуал етук ёшлар” китобхонлик танловига старт берилди.
Танлов Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон болалар ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Асосий мақсад ўқувчи-ёшларни эркин фикрлашга, миллий ўзликни англашига, интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга ҳамда уларда китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборат.
– Танловга Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб 722 та умумтаълим мактабидан 4 мингдан ортиқ ўқувчини қамраб олиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон болалар ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Сарвиноз Жолимбетова. – Ўқув йили якунига қадар иштирокчи жамоалардан рўйхат асосида ўнлаб бадиий китобларни ўқиш талаб қилинади. Ҳозирда танловнинг шаҳар ва туман босқичлари ўтказиляпти. Ўқув йили охирида энг юқори балл тўплаган жамоалар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тарзда тақдирланади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА