Кеча футбол бўйича мамлакат миллий чемпионати Pepsi Superligaсининг 20-тури доирасидаги қолган учта ўйин ҳам ўтказилди. Эътиборли жиҳати, уч ўйиндан иккитасида кутилмаган натижа қайд этилди.
Аввало, “Бунёдкор”нинг ўз майдонида “Қўқон-1912” жамоасига имкониятни бой бериши бировнинг тушига ҳам кирмаган бўлса керак. Тўғри, айни пайтда қўқонликлар кучли олтиликка кириш учун “жон олиб-жон беряпти”, аммо бу дегани кучли, пешқадамлар сафида бораётган, қитъа Чемпионлар лигасида қатнашавериб, “пишиб” кетган жамоани ҳам унинг майдонида “шарманда” қилиб кетиш, дегани эмасда. Аммо Нўъмон Ҳасанов шогирдлари бунинг уддасидан чиқишди. Нафақат ўйин натижасида, балки индивидуал ва жамоавий ҳаракатда ҳам мезбонларга нисбатан майдонда чиройли кўриниш ҳосил қилишди.
“Бунёдкор”нинг бунақанги ҳафсаласиз ўйинини, рости, яқин-ўртада кўрмаган эдик. “Қўқон-1912” жамоасининг мазкур ғалабаси қўқонлик футболчиларнинг кучли олтиликка сари руҳиятини янада кўтариб юборди. Ким билади, кейинги турларда бу кайфият билан ўз майдонларида “Пахтакор”ни ҳам додини бериб қўяр, сафарда вилоят дербисида “Нефтчи”ни ҳам “пайхон” қилар. Айтишади-ку, “иштаҳа овқат пайтида келади” деб.
Ўн тўққиз турдан бери ғалаба нелигини билмай келаётган фарғоналикларнинг кучлилар қаторида тилга олиниб келинаётган “Навбаҳор” устидан зафар қучишини ҳам ким ўйлабди дейсиз. Шерзод Ҳакимов гол ургандаги ҳолатини бир эсланг – ўзи ҳам, жамоадошлари ҳам худди жаҳон чемпионатида гол ургандек нишонлашди голни, ҳатто интиҳоси сариқ карточка билан тугашини билса-да хурсандчилигидан футболкасини ечиб юборди ва шунга мос равишда ҳакам томонидан жазоланди ҳам, жазо эса унинг кўзига кўринмади ҳам. Бироқ уларнинг хурсандчиликлари узоққа чўзилмади, Дарко Никич мезбонларни хафа қилган ҳолда ҳисобни тенглаштириб қўя қолди. Фарғоналик мухлислар “аттанг, бу мавсум ғалабани кўрмай ўтиб кетар эканмизда”, дея ўйга бораётган бир пайтда Абдураҳмон Абдулҳақов яна гол урди-ю. Ва мана шу гол ўйин охиригача сақланиб қолди – “Нефтчи” бу мавсумда ягона ғалабасини нишонлади. Лекин шуни айтиш мумкинки, ягона ғалаба фарғоналикларнинг узоқ муддат давом этган муваффақиятсиз сафаридан кейинги ютуқ сифатида эмас, балки азал-азалдан сақланиб келинаётган водий дербисида наманганликлар устидан эришилган ютуқ сифатида ҳам аҳамиятлироқ эди.
“Бухоро” ҳам муҳим бўлган учрашувда кучлилар қаторига қўшилишда “халақит бераётган” жамоалардан бири – “Металлург”ни мағлубиятга учратди.
Айни пайтда “Пахтакор” (43 очко), “Локомотив” (36 очко), “Бунёдкор” (36 очко) ва “Навбаҳор” (34 очко) кучли олтилик масаласини ҳал этиб бўлган. Яна иккита жойга амалий жиҳатдан тўртта – “Бухоро” (32 очко), “Қўқон-1912” (27 очко), “Металлург” (27 очко) ва “Насаф” (26 очко), назарий жиҳатдан эса бешта – АГМК (23 очко) жамоа даъвогарлик қиляпти. Деярли барчасининг аҳволи бир хил, фақат кимнинг тайёргарлиги ва тактикаси, ҳаммадан ҳам иштиёқи баланд бўлса омад ўшаники бўлади.
“Қизилқум” (20 очко), “Сўғдиёна” (16 очко), “Нефтчи” эса (11 очко) олтиликдан “маҳрум” бўлишган.
Навбатдаги тур ўйини 11 ва 12 август кунларига белгиланган.
Ойбек Юнусов, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА