ФУТБОЛ: Пойтахт дербисида кучлар тенг келди

Кеча футбол бўйича мамлакат миллий чемпионати Pepsi Суперлигасининг 20-тур доирасидаги учта ўйин ўтказилди. Нафақат турнинг, балки чемпионатнинг марказий учрашуви сўзсиз Тошкент дербиси – “Пахтакор” ва “”Локомотив” жамоалари ўртасида кечди.
Paxta-Loko (2).jpg
Ҳар иккала жамоа ҳам аллақачон кучли олтилик вакилларига айланиб бўлган, ўзаро учрашуви натижаси эса иккинчи босқичда асқотишини инобатга олган ҳолда ҳар иккаласи ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушди. Учрашувнинг муҳимлиги боисидан ҳам уни бошқариш учун четдан тажрибали ҳакамлар таклиф этилди. Яқинда Россия майдонларида ниҳоясига етган жаҳон чемпионатида ишлаган Алиризо Фағони раҳбарлигидаги эронлик ҳакамлар, айтиш мумкинки, ўйинни одилона бошқарди.
Paxta-Loko (3).jpg
Ғалабага бўлган иштиёқ, кучли футболчилар томонидан намойиш этилган чиройли комбинациялар, индивидуал маҳоратлар, қатор хавфли вазиятлар… мухлислар шундай ўйиннинг гувоҳи бўлди.
Paxta-Loko (4).jpg
Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида майдон эгаларининг омади чопди – чемпионат тўпурарлари қаторини бошқараётганлардан бири Тиаго Безерра жамоадошларини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйин шу тарзда якун топишига оз қолган бир пайтда кетма-кет ҳужумлар уюштираётган “Локомотив” аъзоларининг ҳам “елкасига офтоб” тегди – Ҳусниддин Ғофуровнинг голи жамоадошлари жонига оро кирди. Шу тариқа икки етакчи жамоа баҳсида ғолиб аниқланмади.
Paxta-Loko (6).jpg
Кучли олтиликка кириш ниятидан қайтмаган АГМК ҳам имкон қадар “отга қамчи уриб” қоляпти. Гарчи имкониятлари юқори бўлмаса-да, олмалиқликлар кучлилар сафига интилишни давом эттириб, навоийликларни йирик ҳисобда доғда қолдирди.
Олтиликка кириш бўйича АГМКга нисбатан бироз имконияти юқорироқ ҳисобланган “Насаф” ҳам “таслим бўлишга” ҳали шошилмаяпти, кўп имкониятларни қўлдан чиқариб бўлганига қарамай осонликча “жон таслим” қилгиси йўқ. Шу мақсадда Жиззахда ажойиб ўйин намойиш этди ва мақсадига эришди.
Бироқ, АГМКнинг ҳам, “Насаф”нинг ҳам бу ютуқлари охир-оқибат уларнинг кучлилар сафига “илашиб” қолишига хизмат қила олармикан, гап шунда.
20-тур, 1 август.
“ПАХТАКОР“ – “ЛОКОМОТИВ“ – 1:1
Голлар: Тиаго Безерра (45) – Ҳусниддин Ғофуров (87).
АГМК – “ҚИЗИЛҚУМ“ – 3:0
Голлар: Зафар Полвонов (14), Жасур Ҳасанов (31), Жамшид Ҳасанов (68).
“СЎҒДИЁНА“ – “НАСАФ“ – 0:1
Гол: Ислом Кенжабоев (15).

 

Ойбек Юнусов, ЎзА