Пучон университети: синалган йўл, аниқ мақсад

Илм-фан, техника ва ахборот-коммуникация соҳаларида Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатлари ижобий кўриниш касб этган. Бугун икки мамлакат ҳамкорлиги турли жабҳаларда фаол давом этмоқда. Жумладан, олий таълим соҳасида қатор лойиҳалар ҳаётга жорий этилаётир.
Пойтахтимизда Инҳа университетининг очилиши катта воқеа бўлган эди. Малакали кадрларни шакллантириш, мактабгача таълим тизимида салоҳиятли тарбиячи ва илмли мутахассисларни кўпайтириш, ривожланган мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 июлдаги “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айни дамда ушбу университетда қабул жараёнлари якунланди.
Университетда кадрлар, биринчи навбатда, мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрларга, шунингдек, архитектура ва дизайн соҳасида ҳамда талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида малакали кадрларга эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. 2018/2019 ўқув йили учун Пучон университетига қабул уч – мактабгача таълим, корейс тили ҳамда архитектура ва дизайн йўналишлари бўйича амалга оширилди.
– Олий таълим муассасаси янги ва имконияти кенг бўлгани боис қабул жараёнларида ёшни инобатга олмадик. Асосан, мактабгача таълим йўналишида ўрта ёшли абитуриентлар ҳужжат топширгани ҳам кузатилди, – дейди университет қабул комиссияси аъзоси Ботир Очилов. – Корейс тили йўналишида корейс тили бўйича бошланғич маълумотга эга ва шу тилга йўналтирилган махсус мактабларда таълим олган ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилдик. Архитектура ва дизайн йўналишига қизиқувчи ёшлар кўпчиликни ташкил этиши қабул жараёнларида ҳам сезилди. Университетга жами 2 минг 700 дан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди. Имтиҳонлар бир неча босқичли бўлиб, ҳозир илк босқич якунланди. Яна икки босқичдан сўнг университетда ўқиш бахтига муяссар бўлган талабалар саралаб олинади.
Олий ўқув юртида таълим ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади. Корейс тили факультетида махсус фан сифатида корейс ва инглиз тили фанлари ўтилади. Абитуриентлар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, таълимни кундузги, сиртқи ва кечки шаклларда олиб боришнинг тизимли ва истиқболли режалари ишлаб чиқилган. Янги олий ўқув юрти таълимни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мос ҳолда, Корея Республикасининг Пучон университети ўқув режа ва дастурлари асосида амалга оширади. Битирувчиларга Кореяда тасдиқланган диплом берилади ва у юртимизда олий маълумот мақомини берувчи ҳужжатлар билан бир хил даражада деб қаралади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Кореядаги Пучон университети ўз салоҳияти ва кадрлар тайёрлаш бўйича мамлакатнинг энг нуфузли университетлари ўнталигига киритилган. Уни ҳар йили минглаб талабалар тамомлайди. Пучон университети ўз йўналиши бўйича Корея Республикаси тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Университет битирувчилари қурилиш, архитектура ва ахборот-коммуникация соҳаларида кўплаб давлатларда самарали фаолият олиб бормоқда. Корея мактабгача таълим тизими жаҳонда етакчи бўлишида айнан мана шу ўқув юртининг ўрни беқиёс.
Тошкент шаҳрида Пучон университетининг ташкил этилиши мактабгача таълим тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш, архитектура ва дизайн соҳаларини такомиллаштириш, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида илғор хорижий тажрибаларни оммалаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Дилобар Маматова, ЎзА