Шу кунларда дунё дзюдо ихлосмандларининг диққат-эътибори Тошкентда ҳарбий спортчилар ўртасида ўтказилаётган 42-жаҳон чемпионатига қаратилган.

30 дан ортиқ мамлакатдан 400 нафарга яқин ҳарбий дзюдочилар иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида миллий мусиқа садолари, жозибали куй-қўшиқлар, рақслар, ҳарбий спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари иштирокчиларга бир олам завқ бағишлади.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов мусобақа қатнашчиларини қутлаб, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

Халқаро ҳарбий спортчилар кенгаши (CISM) вакили Олег Боцман иштирокчиларга омад тилади.

Шундан сўнг дзюдочиларнинг шиддатли беллашувлари старт олди.

Жаҳон чемпионатининг илк кунги муросасиз баҳсларида ҳарбий дзюдочиларимиз 2 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза жами 8 та медални қўлга киритди.

Юртимиз дзюдочиларидан ўз вазн тоифаларида Гулҳаё Жўраева (-52 кг) ва Шаҳрам Аҳадов (-73 кг) ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпионига айланди.

Маҳоратли спортчиларимиздан Ҳалимажон Қурбонова (-48 кг), Абдураҳим Нутфуллаев (-66 кг), Нигина Сапарбаева (-63 кг) кумуш, Лазиза Ҳайдарова (-48 кг), Баҳром Ботуров (-60 кг) ва Нилуфар Ермагамбетова (-57 кг) бронза медалларига эга чиқди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг мутасаддилари, Спорт вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси вакиллари, дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионлари иштирок этди.

Бугун, 17 октябрь куни жаҳон чемпионатининг сўнгги яккалик беллашувларида ҳарбий спортчилар аёллар ўртасида -70, -78, +78 килограммда, эркаклар – 81, -90, -100, +100 килограмм вазн тоифаларида дунёнинг энг кучли ҳарбий дзюдочиси бўлиш учун кураш олиб боради. Шунингдек, кун давомида ҳарбий пара дзюдо мусобақаларида ҳам маҳоратлилар аниқланади.

Чемпионат низомига мувофиқ, эртага, 18 октябрь куни аралаш жамоавий баҳслар ташкил этилади.

Тўлқин Рўзиев, Муҳаммад Амин(сурат) ЎзА