Пойтахтимиздаги “Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати” музейида «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шахрилло Маҳмудов, Халқаро хоккей федерацияси президенти, ООК координацион қўмитаси раиси Тайяб Икрам, ООК Бош директори ўринбосари Винод Кумар, “Тошкент-2025” дирекцияси директори, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарликнинг бориши, ўтказиладиган тадбирлар ва бошқа масалалар хусусида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Анжуман давомида ООК мутасаддилари “Тошкент-2025” ўйинларини юқори даражада ўтказиш борасида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётгани, ҳар бир спорт тури бўйича ҳакамлар, техник вакилларни белгилаш борасида Осиё спорт федерациялари билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилгани, ўйинлар доирасида Осиё олимпия кенгашининг бир қатор халқаро йиғилиш ва тадбирлари айнан пойтахтимизда ташкил этилиши кўзда тутилаётганини билдирди.
Халқаро хоккей федерацияси президенти, ООК координацион қўмитаси раиси Тайяб Икрам кейинги йилларда жаҳон миқёсидаги кўплаб мусобақалар айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани, Парижда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчиларининг эришган ютуқлари тарихий бўлгани бу, ўзбек спортининг катта потенциалидан далолат беришини айтиб, «Тошкент-2025» ўйинлари Осиё қитъасида олимпия ҳаракатини янги юксалиш поғонасига олиб чиқишини таъкидлади.
Ўз навбатида, спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов “Тошкент-2025” ўйинлари мамлакатимиз спорт ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини, ўйинлар соҳа мутасаддилари, мутахассислари, тренер ва спортчиларга икки ҳисса масъулият юклашини билдириб, “кичик олимпиада”ни ҳар жиҳатдан байрамона ташкил этиш бир масала бўлса, унда спортчиларимизнинг муносиб натижаларга эришиши янада аҳамиятли жиҳат эканлигини айтиб ўтди.
“Тошкент-2025” дирекцияси директори, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов пойтахтимизда бунёд этилаётган “Олимпия шаҳарчаси”даги ҳар бир мажмуани спорт турларига хос ва мос ҳолатда жиҳозлаш, Тошкентга келадиган спорт делегацияларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, машғулот жараёнларини ташкил этиш, медиа марказ, техник делегатлар, мусобақаларга келадиган спорт ишқибозларига яратилиши керак бўлган қулайликлар борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Т.Рўзиев, Муҳаммад АМИН (сурат),ЎзА