Жорий йилнинг 14-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Санъат ва дунё” мавзусида Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилади.

Миллий матбуот анжуманида мазкур йирик маданий лойиҳага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Санъат ва дунё” мавзусида Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси дунёнинг турли давлатларида ижод қилаётган рассомлар билан бирга, Ватанимизнинг кўплаб ёш мусаввирлари ижодини пойтахтимиз меҳмонлари, халқимиз, санъат мухлисларига намойиш этиши билан аҳамиятли.

–  Бугун Ўзбекистонда барча соҳалар қатори миллий тасвирий санъат ҳам муттасил ривожланиб бормоқда, – деди Бадиий академия раиси Акмал Нуриддинов. – Санъат соҳасига ўзининг дадил қадамлари, ўз услуби, ижод йўли билан кўплаб истеъдодли ёшларимиз кириб келмоқда. Уларнинг ижодини дунё рассомларига намойиш этиш, қолаверса ёш мусаввирларимизнинг жаҳон мўйқалам соҳиблари ижоди билан таништиришда, уларнинг ўзаро мулоқотини йўлга қўйишда ушбу биеннале кенг имкониятлар очади.

Мазкур халқаро кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 25 августдаги тегишли баёни  ижросини таъминлаш, мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, юртимизнинг санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси тасвирий санъат соҳасида турли мамлакатлар, кенг жамоатчиликка замонавий санъатнинг турли янги йўналишлари, янги номларини намойиш этиш, шунингдек, халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданиятлар, анъаналар, ютуқлар ўртасидаги ижодий мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган. Унда бадиий  тафаккур кенгликларини, имкониятларини тўлиқроқ намойиш этиш,  ижодий изланиш соҳасида плюрализмни намоён этиш, турли мамлакатлардаги постмодерн вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини, замонавий санъат ҳолатини, глобаллашув даврида маҳаллий анъаналарнинг йўқолиб бораётганини кўрсатиш кўзда тутилган.

Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси концепцияси кўп маданиятли турмуш тарзини замонавий санъат призмаси орқали намойиш этишга бағишланган. Унда тақдим этилган асарлар инсонпарварлик қадриятларини қўллаб-қувватловчи турли бадиий ифодаларни акс эттиради.

Биеннале мавзуси экология, маданият, бағрикенглик, ўзига хослик, сунъий интеллект, техноген цивилизация ва инсоннинг ички дунёси каби тушунчалар ҳақида фикр юритиш имконини беради.

Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида Aвстралия, AҚШ, Aргентина, Мексика, Бразилия, Франция, Германия, Буюк Британия, Италия, Испания, Швеция, Нидерландия, Венгрия, Греция, Польша, Руминия, Словения, Сербия, Aлбания, Латвия, Литва, Туркия, Эрон, Жазоир, Баҳрайн, Исроил, Ҳиндистон, Бангладеш, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Aрманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон сингари 40 дан ортиқ давлатлар вакиллари ўз асарларини намойиш этади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 50 нафардан зиёд рассомлари қатнашади.

Тошкент халқаро биенналеси жаҳон замонавий санъат ижодкорлари учун очиқ ва кенг мулоқот майдони бўлади. Ҳафта давомида пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида хорижлик ва юртимиз рассомлари асарлари кўргазмалари, маҳорат дарслари, маърузалари, халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситаларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Н.Усмонова,  

ЎзА