Карлар халқаро шахмат қўмитаси (ICCD) раҳбари Тошкентда ўтадиган шахмат турнирида қатнашади.

Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, эртага, 10 октябрь куни пойтахтимизда карлар ва заиф эшитувчилар ўртасида Карлар халқаро шахмат қўмитаси (ICCD) йўналишида ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Алишер Анарқулов хотирасига бағишланган “Тошкент опен II” халқаро турнири бошланади.

12 октябрга қадар давом этадиган мазкур нуфузли мусобақада Марказий Осиё ва бошқа хорижий давлатларнинг 50 нафарга яқин шахмат усталари қаторида Карлар халқаро шахмат қўмитаси (ICCD) президенти Филлип Гарднер ҳам иштирок этади.

Шу кунларда Ўзбекистон шахмат федерациясида ушбу халқаро турнирни юқори савияда ташкил этиш борасида ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Т.Рўзиев,

ЎзА