Бугун, 8 октябрь куни мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларидан иборат “Global Chess League “Tech Mahindra” турнирининг олтинчи кунги ўйинларида Нодирбек Абдусатторов дона сураётган “PBG Alaskan Knights” жамоаси Вишванатан Ананд сардорлигидаги “Ganges Grandmasters” жамоаси билан куч синашади.
Шунингдек, бугунги баҳсларда “Alpine SG Pipers” –“upGrad Mumba Masters”, “Triveni Continental Kings” –“American Gambits” ўртасида курашлар бўлиб ўтади.
Кеча ўтган мусобақалар “PBG Alaskan Knights” жамоаси учун омадсиз кечди.
Магнус Карлсен сардорлигидаги “Alpine Sg Pipers” жамоаси билан ўтказилган учрашувда Магнус Карлсен – Аниш Гири, Прагнанандха Рамешбабу – Нодирбек Абдусатторов ва Ричард Раппорт – Шахриёр Мамедьяров ўйинларида дуранг қайд этилган бўлса, қолган 2 та шахмат тахтасида “Alpine Sg Pipers” ва 1 тасида “PBG Alaskan Knights” вакили ютуққа эришди. Бу эса «Global Chess League “Tech Mahindra”нинг иккинчи мавсумида илк бор Абдусатторов жамоасининг мағлубиятга учрашига олиб келди.
Шундай бўлсада турнир жадвалини ҳали-ҳамон “PBG Alaskan Knights” жамоаси 15 очко билан бошқариб бормоқда. 2- ва 3-ўринларда бораётган “Triveni Continental Kings” ва “Alpine Sg Pipers” жамоалари 12 очко жамғарган.
“Triveni Continental Kings” сафида дона сураётган истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров жамоаси кеча “upGrad Mumba Masters” билан куч синашди. Синдоров ушбу қарама-қаршиликда рақиби билан дурангга эришди. Синдоровнинг жамоаси “Triveni Continental Kings” бугун “American Gambits” билан рўбарў келмоқда.
Мусобақалар 12 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА