Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Тошкент шаҳар жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар раислари томонидан брифинг ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашлари вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган брифингда 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент шаҳрида умумий жиноятчилик аҳволи ва бу борада амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида ахборот берилди.
Брифингда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида жиноят-қидирув соҳасидаги жиноятлар, жумладан, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 15,1, қасддан одам ўлдириш 17,5, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш 54,4, қасддан баданга енгил шикаст етказиш 48,7, безорилик 60,5, ўғрилик 54,1, талончилик 62,2, товламачилик 50,0, босқинчилик 75,8, номусга тегиш 89,4 ҳамда фирибгарлик жиноятлари 44,3 фоизга камайган.
Шунингдек маълумотларга кўра, муқаддам судланган шахслар томонидан жиноят содир этиш, гуруҳда жиноят содир этиш, аёллар, ишламайдиганлар ва вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам бирмунча камайган.
Айни пайтда, қасддан одам ўлдириш жинояти Учтепа, Бектемир, Сергели туманларида, қасддан баданга оғир шикаст етказиш Яккасарой, Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод туманларида, босқинчилик Сергели, товламачилик Мирзо Улуғбек ҳамда одам савдоси жиноятлари Юнусобод туманларида бирмунча ошганини кўрсатмоқда.
Таъкидлаб ўтилдики, Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар судининг апелляция ва кассация инстанцияларида 1 минг 396 шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган бўлиб, шундан 805 шахсларга нисбатан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 387 шахсга нисбатан суд қарорлари ўзгартирилган ва 44 шахсга нисбатан суд қарорлари бекор қилинган.
Жиноят оқибатида етказилган 55,6 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 254 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Судланганларнинг 540 (551) нафарини аёллар, 62 (73) нафарини вояга етмаганлар, 1.356 нафарини ёшлар ташкил этганлиги ачинарли ҳолатдир.
Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида судлар фаолиятида “Йўл харитаси” ҳамда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида судлар томонидан ўтган давр мобайнида жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида суднинг хусусий ажримлари чиқарилди, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида суд амалиёти юзасидан 11 та умумлаштириш қилиниб, натижаси юзасидан туман судларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Хусусан, вояга етмаганлар, ёшлар ва аёллар томонидан содир этилган жиноят ишлари доимий равишда умумлаштирилиб, таҳлил натижалари судьяларимиз томонидан маҳалла фуқаролар йиғини, ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиб келинмоқда.
Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари томонидан ҳамкорликдаги режасига асосан жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрининг барча туманларида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар ўтказилди.
Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини ошириш мақсадида Тошкент шаҳрининг жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлари бўйича судлари томонидан ҳамкорликда “Одил судлов” кўрсатуви ташкил этилиб, ҳар ўн беш кунда туман судлари раисларининг “Тошкент” телеканали орқали жонли эфирда фуқаролар билан очиқ мулоқоти йўлга қўйилди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга суд раислари томонидан жавоб қайтарилди.

 

Гулноза Бобоева,ЎзА