Пойтахтимизда жойлашган Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида кикбоксинг бўйича жаҳон кубоги бошланди.
Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида дунёнинг нуфузли мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимиз сафи тобора кенгайиб, мамлакатимиз кўплаб йирик спорт анжуманларига мезбонлик қилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонда спортнинг барча турлари қатори кикбоксингни ҳам ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, турли нуфузли анжуманларни ташкил этишдаги бой тажриба ва яратилган кенг имкониятлар инобатга олиниб, Бутунжаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассоциацияси (WAKO) томонидан жаҳон кубогига мезбонлик қилиш ҳуқуқи Тошкент шаҳрига берилди.
Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида 25 сентябрь куни жаҳон кубогининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Байрамона безатилган спорт мажмуаси меҳмонлар, спортчи ва мураббийлар, мухлислар билан гавжум.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Турнирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон спорт вазири А.Икромов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, спортни ривожлантириш мамлакатимизда умуммиллий ҳаракатга айланганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, мамлакатимиз тарихида илк маротаба кикбоксинг бўйича ўтказилаётган жаҳон кубоги юқори савияда ташкил этилгани ва келгусида бунданда йирик мусобақаларни ўтказиш борасида самарали ишлар олиб борилаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди.
– Ўзбекистонда спортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг самараларини бермоқда, – дейди WAKO президенти Рой Бейкер. – Ўзбекистон спортчилари, хусусан, кикбоксинг усталари жаҳон ва қитъа чемпионатларида доимо юксак натижаларни қайд этмоқда. Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган жаҳон кубоги ҳам юқори савияда ўтишига ишончимиз комил.
Бутунжаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассоциацияси (WAKO), Ўзбекистон спорт вазирлиги, мамлакатимиз кикбоксинг ассоциацияси томонидан қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган жаҳон кубогида 53 давлатдан 2600 нафаран ортиқ кикбоксинг усталари совринли ўринлар учун беллашади.
Мазкур мусобақада спортчилар 7 та йўналиш бўйича ўзаро рақобатлашади. Баҳслар 28 сентябрь кунига қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА