Аввал хабар қилганимиздек, «Устюрт геофизика экспедицияси» филиали жамоаси бугунги кунда Устюрт кенглиги ва Оролбўйи ҳудудларида ва унинг тубида чет эл («Лукойл», «ERIEL» ) компаниялари билан ҳамкорликда табиий ер ости бойликларини қидириш ва тадқиқ қилиш ишларини олиб бормоқда. Январ ойида, улар томонидан қуйи Сургил кони очилиб, уни ўзлаштириш бўйича ишлар бошланган эди. Устюрт қидирув-бурғулаш бошқармаси  билан ҳамкорликта олиб борилаётган ишлар натижасида куни кеча ушбу ерда қазилган яна бир қудуқтан газ чиқа бошлади.

– Сўнгги йиллари мамалакатмизнинг ёқилги жамғармасини кўпайтириш йўлларининг бири бўлган нефть ва газ геологияси соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 2-февралдаги «Устюрт нефт-газли минтақасида геология-қидирув ишларини жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори ушбу жараёнда асосий омил бўлмоқда. Жорий йил январ ойида қуйи Сургил майдонида 3650 метрлик чуқурликдан, яьни қуйи юра даври қатламларидан газ ва газ конденсати маҳсулотларини ола бошлаган эдик,- дейди филиал мутахассиси Мақсет Реймов. – Ушбу қуйи Сургил конининг очилиши биз учун янги йил совғаси бўлган эди.

Устюрт қидирув-бурғилаш бошқармаси билан ҳамкорликда уни тасдиқлаш мақсадида кўплаб ишлар бажарилди. Бир неча қудуқлар қазилди. Куни кеча уларнинг биридан кўп миқдордаги газ чиқа бошлади. Бу, Орол тубида газ жамғармасининг анча миқдорда эканлигидан яна бир марта тасдиқлади.

Аввалги йиллари Арислон, Ином, Қизил-Шоли, Сайхун, Бешқала конлари очилган эди.

Шунингдек, Президентмизнинг ташаббуси билан Устюрт нефть-газ минтақасида геологик-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича тузилган дастурга мувофиқ 2018 йилда мазкур минтақада олиб бориладиган ишларни жадаллаштириш орқали яна 25 жойда қидирув ишларини якунлаб, яна 4 истиқболли тузилмани тайёрлаш вазифаси турибди.

Ҳозирги кунда Устюрт минтақасида  4200 метргача чуқурликда жойлашган қуйи юра қатламларидан газ ва газ конденсати маҳсулотларини олиш чора-тадбирлари давом этмоқда.

Әдилбай ЖИЙЕМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги