Мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг турларини кўпайтириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан халқаро тажриба ўрганилиб, хорижий ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Агентлик мутасаддилари ҳамда Туркиянинг “Alyors Holding-Orzax” компанияси вакилларининг учрашуви ана шулар жумласидандир.

“Alyors Holding-Orzax” компанияси Туркиянинг етакчи фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси ва ўз йўналишида Туркия бозорида лидер ҳисобланади. Учрашув аввалида компания директорлар кенгаши раиси Селман Алимўғлу бу ҳақида батафсил маълумот берди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Ўзбекистонда ушбу соҳада қилинаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун берилаётган имтиёзлар ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил сўз юритиб, меҳмонларни “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида олиб борилаётган ишлар билан таништирди.

Учрашув якунида томонлар келгусида биргаликда ишлаш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.

***

Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Чехиянинг “PRO.MED.CS Praha a.s.” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Абдулла Азизов “PRO.MED.CS Praha a.s.” компанияси вакилларига ҳам мамлакатимизда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яқин келажакда режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди. Ўзбекистон бозорида чет эллик инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзларни санаб ўтди.

Суҳбат давомида чехиялик мутахассислар мамлакатимиздаги ислоҳотлар ва янгиликларни ижобий баҳолади. Ҳамкорликнинг истиқболдаги режалари муҳокама қилинди ва лойиҳаларни амалга ошириш учун келишиб олинди.

***

Эроннинг “Golrang Pharmaceutical Manufacturers Holding” компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги фармацевтика соҳасида инвестиция ва технология алмашинуви имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар янги дори воситаларини ишлаб чиқиш ва илмий тадқиқотларни биргаликда ўтказиш имкониятлари ҳақида фикр алмашди. Учрашув якунида дори воситаларини биргаликда ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан аниқ режалар тузилди.

Бу каби учрашувлар хорижий мамлакатлар билан фармацевтика соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги имкониятларга эга бўлиш ва ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА