Шикастланган картина реставрация қилинади

Яқинда ижтимоий тармоқлар ва бир қатор сайтларида Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейидаги “Челакли аёл” сурати шикастлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Хабарларда музейда ёнғин сигнализациясининг ўз-ўзидан ишлаб кетгани оқибатида асарга сув сачрагани айтилган эди. Жорий йилнинг 15 июлидан 16 июлига ўтар кечаси содир бўлган ушбу ҳолатга музей маъмурияти изоҳ берди.

– “Челакли аёл” картинаси шикастлангани рост, – дейди музей директори Гулбаҳор Изентаева. – Шикастланган асар тўлиқ қайта тикланиши учун юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича чоралар кўряпмиз. Хусусан, Москвадаги А.С.Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейидан реставраторларни жалб қилишни режалаштиряпмиз. Айни пайтда нима сабабдан ёнғин сигнализацияси ишлаб кетгани ҳақидаги саволлар юзасидан тегишли идоралар суриштирув тадбирларини олиб бормоқда.

Бундан аввал интернет тармоқларида Николай Караханнинг “Тунги намоз” асарига ҳам шикаст етказилгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Эслатиб ўтамиз, ушбу картина ўзимизнинг мутахассислар томонидан реставрация қилиниб, кўргазмалар залига қайтарилган.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА