Ўзбекистон Хитойни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида белгиланган чора-тадбирлар мажмуини амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу фикрни Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ ишлари бўйича координатори Нуриддин Убайдуллаев яқинда ХХР етакчи ахборот агентлиги – Синьхуа мухбирига берган эксклюзив интервьюсида яна бир бор тасдиқлади.
Дипломатимиз айтишича, ХХР ҳукумати танлаган, 2024-2025 йилларда ШҲТ раислиги Хитойга ўтиши муносабати билан мамлакат Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган брифинг чоғида маълум қилинган барча устувор йўналишларни Ўзбекистон томони тўлиқ маъқуллайди.
– Ташкилотга раислик режасига мувофиқ, 100 дан зиёд тадбир ўтказилиши назарда тутилган, – дейди Н.Убайдуллаев. – Бу жараён ҳамкорликнинг нафақат ШҲТ майдонида шаклланган анъанавий йўналишлари, балки ички минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, ўзаро боғлиқлик занжири, инновация, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, “яшил” тараққиётни молиялаштириш, индустриялаштириш, рақамли трансформация каби янги, бугунги кун талабига мос соҳаларни ривожлантириш мақсадини ҳам қамраб олган.
Зеро, ХХР Раиси Си Цзиньпин илгари сурган 2025 йилни “ШҲТни барқарор ривожлантириш йили” деб эълон қилиш ташаббуси ва Глобал ривожланиш ташаббуси раислик Режасига киритилиши Хитойнинг тузилма асосий тамойилларига содиқликни мустаҳкамлашга нисбатан конструктив ёндашуви моҳиятини тўла-тўкис очиб беради.
– Бугун ШҲТ майдонида халқларимиз фаровонлигини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ўта муҳим вазифага айланмоқда, – давом этади Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ ишлари бўйича координатори. – Бундай шароитда савдо-иқтисодий алоқалар ва транспорт инфратузилмасини шаклантириш бўйича мавжуд улкан салоҳиятни юзага чиқариш минтақавий иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг ижобий тенденциясини таъминлайди ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга ёрдам беради. Айнан шунинг учун ҳам Хитой томони таклиф этаётган барча лойиҳалар Ўзбекистон ташаббуслари билан ҳамоҳанг. Бу қарашлар мантиқан ўзаро уйғун, бир-бирини тўлдиради.
Унинг фикрича, мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири бўлган ШҲТ очиқ, прагматик ва кенг кўламли ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик йўлини давом эттириш учун ҳар қачонгидан кўра зарурроқ кўп қиррали платформа сифатида намоён бўлмоқда.
– Умуман, бизнинг Ташкилот доирасидаги шериклигимиз ҳақида сўз борганда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ШҲТ Хартиясининг вақт синовидан ўтган мустаҳкам тамойилларига таянган мавжуд ҳамкорлигимиз келажагига қатъий ишонч билан қарайди, – дея сўзини якунлаган Н.Убайдуллаев.
ЎзА