Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни фош этишда суд экспертизасининг ўрни жуда муҳим.
Маълумки, Янги Конституциянинг 28-моддасида агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда гап борди.
Марказ томонидан олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида марказ раҳбарияти маълумот берар экан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарор ва ажримлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида изчил фаолият юритилаётгани таъкидланди.
2020 йилда 923 мингдан зиёд объект бўйича тадқиқотлар ўтказилиб, 28 минг 678 хулоса ва мутахассис фикрлари берилган бўлса, жорий йилнинг 8 ойи давомида 3 миллиондан ортиқ объект бўйича тадқиқотлар ўтказилиб, 26 мингдан зиёд экспертиза хулосалари ва мутахассис фикрлари берилган.
Бу эса суд ва тергов идораларининг суд-экспертизасига эҳтиёжи йилдан-йилга тобора ошиб бораётганидан далолат беради.
Марказда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида кейинги 4 йилда бир қатор янги суд-экспертиза турлари жорий қилинди. Жумладан, суд-лингвистика, суд-компьютер-техник, суд-автомобиль йўллари, суд-электротехника, суд-психологик, озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаси, суд-солиқ, озиқ-овқат маҳсулотларини баҳолаш экспертизаси, совуқ қуролларнинг криминалистик экспертизаси каби янги экспертиза ва тадқиқот турлари яратилди ва суд экспертлик амалиётига татбиқ этилди. Натижада марказда амалга ошириладиган суд экспертлик турлари 44 тадан 57 тага ошган бўлса, тадқиқот турлари эса 92 тага етказилди.
Марказ лабораторияларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида улар ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитация қилиниб, мувофиқлик сертификатига эга бўлди.
Ҳозирда марказнинг “Суд-баллистика ва трасология” лабораториясини ва янги ташкил этилган “Суд-компьютер техникавий экспертизаси” бўлимини ҳам ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитациядан ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Соҳада илк маротаба “Суд-экспертиза” стандартлаштириш бўйича техник қўмитаси ташкил этилиб, МТК-545 “Суд экспертиза” Стандартлаштириш бўйича давлатлараро кенгашига ҳамда ISO/ТС 272 “Форенсик сайнс” халқаро техник қўмитасига аъзоликка қабул қилинди ва унинг 19-кузатувчисига айланди.
Н.Абдураимова, ЎзА