Бугун Ўзбекистон намунали сиёсат юритиб, Германия Федератив Республикаси ва Европанинг бошқа мамлакатлари билан алоқаларни фаол, конструктив руҳда ривожлантирмоқда.

Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбари шундай ислоҳотларни бошладики, пировард натижада барча ҳамкорларга ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш имконияти туғилди. Ва бу улкан муваффақият билан Президент Шавкат Мирзиёевни табриклаш мумкин.

Ўтган йил Берлин шаҳрида республика етакчиси ва ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер иштирокида бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг археологик қазилмаларига бағишланган оламшумул кўргазматашкил этилган эди. Ўша тадбир доирасида Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Германия – Ўзбекистон форуми ҳам ўтказилди. Шу тариқа икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида яна бир дадил қадам ташланди. Бугун эса ҳамкорлигимиз кўлами Ўзбекистондан келган мутахассислар учун иш ўринлари яратишдан тортиб, Германиядаги компанияларни Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун жалб қилишгача бўлган турли муҳим йўналишларни қамраб олган. Бу жараёнда иқтисодий ҳамкорлик устувор аҳамият касб этмоқда.

Берлин ва Тошкент шаҳарлари кўп йилдан буён қалин шерик ҳисобланади. Ҳар икки томон мавжуд алоқани мунтазам фаоллаштириш ниятида. Жорий йил октябрь ойида келишувларни янгилаш, ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаш ва ривожлантириш мақсадида Берлиндан икки нафар сенаторни Тошкентга юбориш режаси тасдиқланди.

Аминманки, давлат раҳбарининг оқилона сиёсати натижасида минтақада ҳақиқий етакчиликни қўлга олаётган Ўзбекистон яқин келажакда ривожланган, муҳим аҳамиятга эга давлатлар сафига қўшилади.

Ислоҳот Парламент сайлови тизимида ҳам амалга оширилаётгани, бу галги сиёсий тадбир мажоритар тизим асосида ўтказилишини ҳам ижобий баҳолайман. Октябрь ойи охирида бўлиб ўтадиган сайловда жамиятнинг барча ижтимоий гуруҳлари фаол иштирок этиши учун барча имконият яратилмоқда.

Биз Германиядан туриб, мамлакатингиз сўнгги йилларда демократия асосида тараққий этаётганини кузатиб боряпмиз. Ва бу ислоҳотлар жамиятнинг барча қатламларида самара бераётганининг белгисидир. Ишончим комилки, навбатдаги сайлов натижасида жараён янада ривожланиб, Ўзбекистон ва ГФР алоқалари кўлами кангайишига хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор ўзбек халқини Мустақилликнинг 33 йиллиги билан самимий табриклайман.

Детлеф Принц,

“Германия – Ўзбекистон форуми” президенти.

ЎзА