Бу ҳақда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон – Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховскийнинг ташрифидан кўзланган мақсад ЕИнинг Ўзбекистон ва минтақа билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилади.
Комиссар Войцеховский ташрифи чоғида “Денгизга чиқиш йўллари бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар: озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этади.
У ўз чиқишида денгизга чиқиш йўллари мавжуд бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг барқарор усуллари ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Европа Иттифоқининг қўллаб-қувватлаш бўйича изчил саъй-ҳаракатларига тўхталиб ўтади.
Форум доирасида жаноб Войцеховский ҳукумат вакиллари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Ушбу учрашувлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-сотиқ истиқболлари ва барқарор қишлоқ хўжалигини илгари суриш бўйича ташаббусларни муҳокама қилиш имконини беради.
Мазкур ташриф Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан изчил ҳамкорлиги доирасидаги муҳим қадам эканлигидан дарак беради.
Иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш каби глобал муаммоларни ҳал қилишда муштараклигини тасдиқлайди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА