Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан юртимизда “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусида VIII халқаро конгресси ўтказилмоқда.
Унда ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ сингари халқаро ташкилотлар, “Ал-Фурқон” фонди, Халқаро Туркий академия раҳбар ва ходимлари, дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар иштирок этмоқда.
Мамлакатимиз пойтахтида 23 август куни бошланган тадбирлар айни пайтда Самарқандда давом этяпти. 24 август куни Самарқанддаги конгресс марказда халқаро форумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Табрикда мамлакатимизда буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилиб, мазкур конгресс ҳам ушбу мақсадга хизмат қилаётгани таъкидланган. Бу борада Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан ўтказилаётган халқаро анжуманлар муҳим аҳамият касб этаётгани эътироф этилган.
Хусусан, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилди. Ана шу ишларнинг давоми сифатида анжуман кунларида мазкур туркумдаги яна 10 та янги жилд тақдимоти ўтказилиши ҳам муҳим маданий ҳодисадир, дея қайд этилган табрикда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов конгресс қатнашчиларига табрик йўллагани учун Президент Шавкат Мирзиёевга иштирокчилар номидан миннатдорлик билдирди.
– Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш бўйича улкан ишлар қилиняпти, илм-фан, таълим ва маданият ривожланмоқда, – деди Ф.Абдухолиқов. – Бундан етти йил муқаддам ана шу эзгу мақсадларни амалга ошириш учун Президентимиз фармони асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинган эди. Бугун бу борадаги ишлар ўз натижасини кўрсатмоқда.
Конгресс очилиш маросимида Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази – ИРСИКА директори Маҳмуд Эрол Қилич, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, Франциянинг Араб дунёси институти директори Натали Бондиль, Туркия Фанлар академияси президенти Музаффар Шекер, “Ал-Фурқон” Ислом мероси фонди менежери Сали Шаҳсивари ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда бой маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги халқаро ҳамкорликка юксак баҳо берди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг ушбу йўналишдаги фаолияти эътироф этилди.
– Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда маънавий-маърифий, сиёсий-иқтисодий йўналишларда кенг қамровли янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев. – Президент Шавкат Мирзиёев ўртага ташлаган Янги Ўзбекистон тушунчаси бугун мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этади. Мазкур ғоя бўйича илгари сурилаётган мафкуралар, илғор ташаббуслар бугун Ўзбекистоннинг янги маънавий қиёфасини дунёга намоён этмоқда ва кўплаб давлатларга ибрат бўлмоқда. Сабаби Ўзбекистон дунё тарихида ўз ўрнига эга бўлган Амир Темур, Мирзо Бобур сингари давлат арбоблари, Абу Али ибн Сино, Ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийдек жаҳон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган кўплаб алломалар, ўрта асрлар ислом дини пойдеворини мустаҳкамлаган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний каби улуғларга бешик бўлган, уларни камолга етказган. Бир неча асрлар ўтса-да уларнинг илмий мероси ва унинг аҳамияти ошиб бормоқда.
Туркия Фанлар академияси президенти Музаффар Шекер кейинги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларни эътироф этар экан, айниқса, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган ишлар ўзбек халқи маънавий қудратини дунёга намоён этишини таъкидлади.
“Ал-Фурқон” Ислом мероси фонди менежери Сали Шаҳсивари эса бугунги кунда дунёдаги кўплаб йирик коллекциялар ва машҳур музейларда Ўзбекистоннинг моддий ва номоддий меросига оид ноёб дурдоналар сақланаётганини қайд этиб, уларни ўрганишда ва бу ҳақда маълумотлар тўплашда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг хизматлари беқиёслигини эътироф этди.
– Қисқа вақт ичида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар тайёрланиши осон кечадиган жараён эмас, бунинг замирида қанча меҳнат, заҳмат борлигини яхши биламиз – деди Сали Шаҳсивари. – Шунинг учун биз WOSCUнинг бу борадаги ишларини қўллаб-қувватлаймиз ва мазкур ташкилот билан бундан буён ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Конгресснинг очилиш маросимида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.
Халқаро форум ялпи йиғилишида Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси музейининг лойиҳа ва концепциялари муҳокама этилди. Маҳаллий ва хорижлик мутахассисларнинг лойиҳалари кўриб чиқилди.
Конгресснинг еттита шўъба йиғилишларида ҳам Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейларининг экспозициялари бўйича тақдим қилинган лойиҳалар муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, тадбир доирасида “Янги Ренессанс: Маданий меросни сақлашда кино ва медианинг ўрни” мавзусида ТУРКСОЙ халқаро форуми ўтказилмоқда. Унда туркий тилли мамлакатларнинг кино саноати вакиллари иштирокида “Кино – мерос ҳимоячиси: маданий лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти”, “Глобал медиа ҳамкорлик: меросни асраш бўйича маданиятлараро лойиҳалар” каби тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази мультимедиа блоки учун тайёрланган видеороликлар туркуми тақдимоти, “Бақтрия тарихи”, “Ўзбекистон археологик марваридлари”, “Клавихо”, “Худойберган Девонов ва немис меннонитлари”, “Мухтор Авезов” лойиҳалари тақдимоти ўтказилади.
Халқаро конгресс давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорлик бўйича бир қатор халқаро ташкилотлар, академиялар ўртасида меморандумлар имзоланди.
Форум ўз ишини давом эттирмоқда.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири