“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 6 августдаги фармони ҳамда Озарбайжон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 июлдаги фармонига асосан, Полад Бюлбюлоғлуга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” ҳамда Фаррух Зокировга “Халқ артисти” унвонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, тили, маданияти, орзу-умидлари, интилишлари бир-бирига ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Бу борадаги дўстлик алоқаларини равнақ топтиришда санъат ва маданият аҳлининг ўрни ва ҳиссаси тобора ортмоқда.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков озарбайжонлик машҳур санъаткор Полад Бюлбюлоғлуга “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонини, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Каримли ўзбекистонлик устоз санъаткор Фаррух Зокировга қардош мамлакатнинг “Халқ артисти” юксак унвонини топширди.
– Азалдан халқларимиз дўст, қардош, қондош бўлиб келган, – деди озарбайжонлик машҳур хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Полад Бюлбюлоғлу. – Отам Ўзбекистонга тез-тез келиб турар эдилар. Бу табаррук юртга доим чексиз муҳаббат, ҳурмат ва эҳтиром билан қараганмиз. Икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари асосида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мисли кўрилмаган янги босқичга кўтарилди. Бундай юксак эътирофдан ғоят миннатдорман.
–Бу унвон менинг халқимга, Ўзбекистонимга, маданий қадриятларимизга, давлатимиз раҳбарига бўлган чексиз ҳурматнинг амалий намунасидир, – деди устоз санъаткор, Ўзбекистон, Озарбайжон халқ артисти Фаррух Зокиров. – Бу каби тадбирлар дўстлигимиз абадий, мустаҳкам ва доим барқарор эканидан дарак беради.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева, Озарбайжон миллий маданият маркази бошқарув кенгаши аъзоси Али Насирли ва бошқалар икки халқ ўртасидаги дўстона алоқалар бугун юксак босқичга чиққани бизнинг энг катта ютуқларимиздан бири эканини алоҳида эътироф этди.
Назокат Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА мухбири