Жорий йил 22 августдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг иккинчи мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди.

Шу муносабат билан бугун АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаменти директори ўринбосари Шоҳрух Ишонқулов, Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Азимжон Ҳасанов ва мазкур бўлим бош мутахассиси Ҳабибулла Ҳамидов “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йилги II мавсуми учун ажратилган маблағлар, илгари сурилган лойиҳалар ва овоз бериш жараёни ҳақида атрофлича маълумот берди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаменти директори ўринбосари Шоҳрух Ишонқулов қайд этганидек, “Ташаббусли бюджет” жараёнини ташкил этишда фуқароларнинг фаоллиги ушбу лойиҳанинг янада аҳамиятли эканини кўрсатмоқда.

–Ушбу мавсумда фуқаролар томонидан 27 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилган. Шундан 23 мингдан ортиқ қисми ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ танлаб олинди ва овоз бериш жараёнига ўтказилди. Ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш учун 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда. Жорий мавсумнинг аввалги мавсумлардан фарқли тарафи шундаки, эндиликда “Ташаббусли бюджет” жараёнлари 4 босқичда ўтказилади. Яъни, 6-26 июль кунлари таклиф киритиш босқичи, 26 июлдан 15 августга қадар модерация босқичи, 15–22 август кунлари саралашдан ўтган лойиҳалар бўйича тарғибот босқичи ва 22 августдан 1 сентябрга қадар  саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичи ўтказилиши режалаштирилган. Ҳаммамизга маълумки, 2024 йил “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг  1-мавсумидан бошлаб “Бир фуқаро – бир овоз” тамойили жорий этилган. Бу эса ҳар бир фуқаронинг овоз беришда бир маротаба иштирокини ифода этади, – деди Ш.Ишонқулов.

Таъкидлаш керакки, “Ташаббусли бюджет” жараёни йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Бунда бевосита кенг жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган таклифлар муҳим аҳамият касб этяпти. Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Азимжон Ҳасанов бу борадаги ўзгаришларга тўхталиб ўтди.

–Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 29 июлдаги КҚ-787-IV сонли қарорига асосан “Ташаббусли бюджет” жараёнини ўтказиш бўйича амалдаги тартибга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу жараён бевосита кенг жамоатчилик, жумладан, фаол фуқаролар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда депутатларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Унга кўра, барча маҳаллалар учун ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида эндиликда “Ташаббусли бюджет” доирасида сўнгги мавсумларда кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳалла (ташкилот)лар учун навбатдаги икки мавсум доирасида танаффус эълон қилинади. Ушбу маҳаллалар учун лойиҳа киритиш имконияти чекланади. Мазкур тартиб, яъни танаффус қўллаш амалиёти 2025 йил 2-мавсумдан бошлаб қўлланади. Бу эса, ўз навбатида, бир неча мавсумдан бери жараёнларда иштирок этиб келаётган, лекин тўплаган овозлари миқдори аҳоли сони катта маҳаллаларнинг тўплаган овозлари сонидан кам бўлган маҳаллаларга ғолиб бўлиш имкониятини беради. Шунингдек, овоз беришга бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий жалб этиш ҳолатларини қайд этиш бўйича “қайноқ линия” ишга туширилди. Овоз бериш босқичи якунланиб, “Очиқ бюджет” портали томонидан ғолиб лойиҳалар аниқланганидан сўнг Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан кейинги ўринлардаги ғолиб бўлмаган лойиҳаларни қўшимча тарзда ғолиб деб эълон қилиш ваколати ҳам берилди. Масалан, биринчи мавсумда 50 дан зиёд лойиҳа ана шундай тартибда ғолиб бўлди, –деди А.Ҳасанов.

Шунингдек, тадбирда ҳар бир ғолиб лойиҳалар ижроси ишчи комиссия томонидан ҳар ой жойига чиққан ҳолда ўрганилиши ва унинг натижалари юзасидан фотоматериаллар “Очиқ бюджет” порталидаги “Сайёр-мониторинг” бўлимида акс эттирилиши каби қатор тартиб-тамойиллар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА