Пойтахтимизда Маданият вазирлиги ҳамда Театр арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг XI анъанавий кўрик-фестивали бўлиб ўтмоқда.
Ёшларни соғлом ва теран тафаккурли, юксак бадиий дидли инсонлар этиб камолга етказишда театр санъатининг аҳамияти беқиёс. Шу нуқтаи назардан бугунги шиддатли замон ижодий жамоалар, айниқса, болалар театрлари зиммасига ғоят масъулиятли вазифаларни қўймоқда.
– Фестивалга тақдим этилган спектакллар замонавий ва тарихий мавзуларда бўлиб, тарбиявий аҳамиятга молик экани билан диққатга сазовор, – дейди кўрик-фестиваль ҳакамлар ҳайъати аъзоси, театршунос Эсон Ўринов. – Спектаклларни баҳолашда асар мавзусининг долзарблиги, ғояси, тарбиявий аҳамияти, актёрларнинг ижро маҳорати, нутқ маданияти, мусиқа, саҳна декорациялари каби жиҳатларига асосий эътибор қаратилмоқда.
Кўрик-фестивалда намойиш этилаётган «Виртуал дунё», «Сеҳрли табиб», «Мушукча Миу», «Қирқ қиз», «Зумрад ва Қиммат», «Оққушлар нидоси» каби спектакллар ёш томошабинларга манзур бўлмоқда.