Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи ҳақидаги гапларнинг чиққанига кўп бўлди. «Яхши гапнинг қаноти бўлгани»дек, бу хабар «оғиздан-оғизга» ўтиб, бутун она заминга тарқалди. Бозорда, кўчада, автобусда, тўй-ҳашамда ҳам кун мавзусига айлангани рост. Чунки, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи шахсан биз учун қувонч, шу заминга «янги ғоялар, инвестициялар, янгиликлар»нинг келишидан дарак. Бу юртда яшаётган ҳар бир киши Юртбошимизнинг хизмат сафарларларини шундай тушинади, яхшиликка йўрийди ва шундай ҳам бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини «одамлар айтганидек», яхши янгиликлар, яъни саноат салоҳияти билан танишишдан бошлади. Дастлаб «Nukus Electroapparat» қўшма корхонаси фаолияти билан танишиб, у ерда яратилган шароитлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди. Сўнг ходимлар билан суҳбатлашиб, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Мазкур завод 2017 йилда ишга тушиб, унда электр энергияси тармоқлари учун кучланиш қурилмалари ишлаб чиқарилади. 2024 йил корхонада 10 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига қуёш панелларини яратиш лойиҳаси старт олди. Бу ерда ишлаш жараёни 100 фоиз автоматлаштирилган бўлиб, заводнинг ўзида ҳам 125 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган. Энг қувонарлиси, ундан олинган электр ички эҳтиёжлар учун ишлатилиб, ортиқчаси эса ҳудудий электр тармоғига сотилади.

Қорақалпоқ халқида «Зоман сенга боқмаса, сен замонга боқ» қабилидаги пурмаъно гап бор. Бу дегани янгиликларга қучоқ очиб, янги давр билан қўша юриш керак. Буни бугунги давр тақоза этаётир.  Шу каби замон талабларини она тупроқда яшаётган ёшу-қари яхши илғайди. Сўнги  йилларда Қорақалпоғистонга инвестиция оқимининг кучайишида ҳам уларнинг меҳнатлари бисёр. Охирги 7 йилда 17 триллион 800  миллиард сўмлик 6 минг 784 та лойиҳа амалга оширилган. Бу саъи-ҳаракатлар давом эттирилиб, ташриф чоғида Президентимизга Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан 10 та лойиҳа тақдимоти кўрсатилди. Уларга Саудия Арабистони, Германия, Хитой, Испания, Россия сингари давлатларнинг йирик компаниялари инвестиция киритмоқда. Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳаларни кўздан кечириб, тадбиркорларга ҳар томонлама мададкор бўлиш кераклигини таъқидлаб ўтди. Ўйлайманки, бу таъкид ортидаги Президентнинг тадбиркорларга ишончи ва қўллови келгусида Қорақалпоғистонда бизнес қилишни хоҳловчилар оқимини янада кучайтиради. Ишбилармонларга эса мотивация бўлади.

Президент ташрифини деярли барча қорақалпоғистонликлар зимдан кузатаётир: кимдир телевизордан, яна бошқаси интернет тармоқлари орқали… Шу боис давлат раҳбарининг ҳар бир ташриф буюрган локациясида айтилаётган гаплари уларнинг тақдир кундаликлари учун хат ва қалам каби муҳрланаётир.

Юртбошимиз Нукус шаҳрида қад кўтарган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон филиалини ҳам бориб кўрди. У ерда мутасаддиларга ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича берган топшириқлари азалдан болажон халқнинг хурсандчилигига яна бир карра қувонч қўшган бўлса не ажаб. Чунки, Ш.Миромонович IТ-паркни туманлардаги мактаблар билан боғлаш, соҳага қизиққан ёшларни ўқитиш, келгусида уларни юқори даромадли ишга жойлаштириш чора-тадбирлари хусусида айтиб ўтди. «Уларда муҳит шундай бўлиши керакки, ёшлар ўзини эркин ҳис қилсин. Овқатланиш, дам олиш, спорт ва бошқа хизматлар мужассам бўлсин. Бинолар шаҳарлар марказида, ёшларга қулай жойда бўлгани маъқул», – дея таъкидлайди давлат раҳбари.  Шунингдек, бу соҳада стартапларни ҳаётга татбиқ этиш лозимлиги ҳам тушунтирилди. Демак, IT-паркда чекка туманларда ўқийдиган мактаб ўқувчилари учун ҳам янги лойиҳалар бўлади.

Маълумки, Орол ҳудудида яшаётган халқ соғлом бўлиши керак. Уларга сифатли, ишончли тиббий хизмат кўрсатиш тизими зарур. Ш.Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида ҳам бўлди. 4 қаватли янги иморатда шошилинч қабул-диагностика, реанимация, жарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология каби бошқа да бўлимлар мавжуд. 130 ўринли мажмуа замонавий тиббий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган. Хусусан, мураккаб дея эътироф этилаётган жарроҳлик амалиётлари ҳам шу ерда қилинмоқда. Аҳоли соғлигини сақлаш учун киритилаётган шу каби янгиликлар ҳар биримизни шод айлайди, кўнглимизни янада кўтаради.

Қорақалпоғистонда “Жузимбағ”нинг таърифини эшитмаган киши йўқ. Кегайлидаги бу маҳаллада 4 минг 300 нафарга яқин аҳоли яшайди. Мазкур ҳудудда “Orol Agro” корхонаси томонидан “Ёшлар узум боғи” ташкил этилиб, унда 40 кишига ер ажратиб берилган. Юртбошимиз у ерда маҳалла фаоллари билан учрашиб, деҳқончилик қилаётган йигит-қизлар билан дилдан суҳбатлашди. Айниқса, таъми оғзингда “эрийдиган” узум навлари ҳайратларга сазовар бўлди.

“Сизларнинг ишли бўлганингизни, кўзингиздаги ишончни кўриб, хурсанд бўлдим. Ўзи менинг энг катта мақсадим шу – халқимни рози қилиш, бахтли кўриш”, – дейди суҳбат жараёнида Президент. Ва ёшларнинг таклифлари асосида қишлоқ маҳсулотлари учун совуткичли омбор қуриш, эҳтиёжманд йигит-қизларнинг тўйлари ва шартнома тўловларига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар ҳам берди.  Бу гаплар Кегейлида туриб янграса ҳам бутун Қорақалпоғистон бўйлаб овоза бўлди. Ёшларга қаратилаётган шу каби эътибордан келажагини фарзандлари тақдири билан боғлайдиган ота-оналар ҳам чексиз шодликка бўланди. Сўнг Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди. Мажлисда янграган гаплар ҳар биримизнинг юрак-юрагимизга мисли илиқ қон каби оқиб кириб, тебрантириб юворди: “Аввал ҳам айтганимдек, ўзбек ва қорақалпоқнинг тарихи ҳам, тақдири ҳам бир. Мен ишонаман, бизнинг ёруғ, бахтли келажагимиз ҳам албатта бир бўлади. Бу йўлда сизларга, ҳурматли ёшулли ва тадбиркорларимизга янги ютуқ ва омадлар тилайман” деган сўзлари қулоғимизга “ўрнашиб олди”, мангулик дўстлик гапига айланди.

Кузатяпман: кўчаларда одамлар шодон, хурсанд кетаётир, ишхоналарда кеча ва бугунги Президентимизнинг ташрифи ва янгиликлари қизғин муҳока қилинаётир… Янгилик доим “қанотли” бўлади. Бу янгиликлар, янгиланишлар баландроқ, узоғроқ учиб шу заминдаги ҳар бир хонадонга яхшилик ила киражак…     

Мухтор  ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги