Тошкент Фотосуратлар уйида Президентимизнинг 2017 йил 18 январда қабул қилинган “2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида” қарори  ижросини таъминлаш мақсадида “Мўйноқ: кеча, бугун, эртага” номли фотокўргазманинг очилиши бўлиб ўтди

Юқорида номи келтирилган ҳужжатга биноан Ўзбекистон Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида трастфондини ташкил этиш борасидаги ташаббусни илгари сурди ва бу БМТ томонидан қўллаб-қувватланди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Орол бўйи ҳудудини экологик инновация ва технологиялар зонаси”, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди. Таклиф 2018 йилда қабул қилинди.

Ушбу дастур ўзида бир қанча муаммоларни бирваракайига ечишни қамраб олди. Бу эса Марказий Осиё республикаларини ҳамжиҳатлигини тақозо қилди. Бугунги кунгача бу дастур доирасида юртимизда қатор лойиҳалар амалга оширилди. Булардан бири “Яшил иқтисодиёт” лойиҳаси бўлиб, бунда саҳро ўрнида ўрмон барпо этиш ғояси илгари сурилган. Бу ғояни амалга оширилишида: минтақада турли касалликларни кўпайгани, ўсимлик ва ҳайвонларни йўқолиб кетаётгани, ҳатто, бундай экологик танқислик коинотни исиб кетишини тезлаштиришга таъсир этиши мумкинлиги сингари қатор глобал муаммоларнинг олдини олиниши  кўзда тутилган.

Орол бўйи экологик фожиаси бутун инсониятга хавф солиб, айниқса, юртимиз аҳолисини ташвишлантирмоқда. Жамоатчилик бу фожиани олдини олишда соҳага алоқадор чора-тадбирларни кўрмоқда. Шу жумладан санъат аҳли ҳам бу эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Мазкур кўргазма ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлиб, унда Орол денгизининг ҳозирда қуриб, шўр босган ҳудудидан олинган лавҳаларни акс эттиради.

Ушбу кўргазмада профессионал фотографлар Виктор Ан ва Ҳамдам Шораҳмедовнинг Орол фожиасини кўрсатувчи бадиий фотографиялари ва Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги фотомухбирлари Орол бўйи шаҳарларидаги бугунги тикланиш жараёнлари ва ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи суратлари намойиш этилган.

Виктор Ан фотоасарларининг оқ-қора рангдалиги мавзуни томошабинга янада батафсилроқ етказиб, фожиани янада кескинлаштиради, инсонларда ачиниш ва огоҳлик ҳиссини уйғотади. Ҳамдам Шораҳмедовнинг фотосуратларида эса рамзий деталларга манзара моҳиятини шарҳлаш вазифаси юклатилади: саҳродаги эскирган кемалар, туз ва чанг-тўзонли замин, барқ уриб келаётган саҳро саксовуллари ва мовий осмон, қуёшнинг илиқ нурлари. Бир қарашда зиддиятли манзара ҳосил қилаётган бу унсурлар ўлим ва ундан кейин, албатта, ҳаёт, тириклик қайтишини таъкидлайди.

Равиль Альбековнинг Оролнинг кечасини ўзида намоён этувчи оқ-қора суратлари кишига яхши кайфият ва жўшқинлик бағишлайди. Суратларда ўтмишда Оролнинг лиммо-лим экани, унда болалар мириқиб чўмилаётгани, Орол балиқларга бойлиги, уларни аҳоли тўрда ушлаётганини кўриб кўзинг қувонади…

Кўргазманинг асосий қисмини ЎзА мухбирлари Довуд Абибуллаев, Насиба Зиёдуллаева ва фотомухбири Мақсад Ҳабибуллаев ҳамкорлигида юзага келган  турли мавзу ва жанрдаги бетакрор фотоасарлар эгаллайди. Мўйноқда бўлиб ўтган турли воқеа-ҳодисаларга бағишланган ушбу фотосуратлар томошабин диққатини жалб этмасдан қолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги Фармони билан тасдиқланган “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси”да “Ралли Мўйноқ” автопойгасини ташкиллаштириш ва ўтказиш белгиланган эди. Мазкур автопойгани батафсил ҳикоя қилувчи фотосуратларни ЎзА фотомухбири Мақсад Ҳабибуллаев олган.

ЎзА мухбири Мақсад Ҳабибуллаев  «Оролнинг қуриган майдонида яшил оазис барпо қилинмоқда» мавзусидаги фотосуратлари томошабинни бефарқ қолдирмайди. Уларда Оролнинг қуриган майдонидаги қудуқ қазиш ва дарахт ўтказиш ишларидан лавҳалар кўрсатилади. Шунингдек, муаллифнинг 2018 йилнинг 15-16 декабрь кунлари Нукус  шаҳрида «Янги Мўйноқ – янги имкониятлар» мавзуида ўтказилган биринчи инвестицион бизнес форумида фоторепортажлари ҳам диққатга сазовордир. Суратларда форум доирасида ўтказилган бизнес лойиҳалар тақдимоти, Мўйноқ туманидаги Экология музейи ва «Кемалар қабристони» сайёҳлик масканига иштирокчиларнинг қилган сафарлари ҳам ҳикоя қилинади.

ЎзА мухбири Довуд Ҳабибуллаевнинг  Мўйноқ туманидаги «Қозоқдарё» Овул фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан топширилган аҳолига ичимлик сув етказиб бериш станцияси ва мактабгача таълим муассасаси биносининг очилиш маросимлари тўғрисидаги материалига олинган суратлар ҳам кўргазмада намойиш этилмоқда. Мавзу яна  ЎзАнинг илғор фотомухбири Мақсад Ҳабибуллаев томонидан суратларда ёритилган.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаеванинг  Орол денгизи  бўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги материалига  ҳам Мақсад Ҳабибуллаев суратлар олган. Суратларда Орол денгизининг  ҳудуди ва экотуризмни ривожлантириш бўйича ташкил қилинган ўтовлар кемпингидан олинган кўринишлар акс этади.

Умуман олганда, ушбу кўргазма борлиққа, она-табиатга бефарқ бўлмасликка даъват этиши билан аҳамиятлидир.

Н.Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари