Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки тизимда сайловчи сиёсий партия учун овоз беради.

Пропорционал сайлов тизими – ҳар бир партия олган овозлар сонига мутаносиб равишда депутатлик ўринларини тақсимлаш йўли билан белгиланадиган сайлов тизимининг бир туридир. Шундан келиб чиқиб, агар бирор партия 30 фоиз овоз олса, парламентдаги ўринларининг 30 фоизга яқинини қўлга киритади. Умумий тарзда айтадиган бўлсак, пропорционал сайлов тизими деганимизда мутаносиблик принципини тушунамиз.

Эътибор қаратадиган бўлсак, тарихда йигирманчи асргача сайловлар институти соф мажоритар шаклда мавжуд бўлган. Партия рўйхати бўйича, яъни пропорционал сайлов тизими бўйича сайловлар биринчи марта 1899 йилда Бельгияда жорий этилган. Кейинчалик, 1906 йилда Финляндияда, 1909 йилда Швецияда, 1921 йилда Дания ва Норвегияда пропорционал сайлов тизими қўлланила бошланди.

Ҳозирги кунда пропорционал сайлов тизими Испания, Туркия, Исроил, Греция, Швейцария, Польша, Австрия, Латвия, Хорватия каби мамлакатларда қўлланилиб келинмоқда. Ҳозирги кунда мазкур тизимдан 80 га яқин давлатлар фойдаланади.

Пропорционал сайлов тизимида сайлов натижаларини аниқлашда қонунчиликда вакиллик органида мавжуд депутатлик ўринларига даъвогарлик қилиш учун сиёсий партиялар қўлга киритиши зарур бўлган овозларнинг маълум бир ўтиш миқдори белгиланади.

Масалан, Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади.

Савол туғилади, хорижий мамлакатларда бу талаб қандай белгиланган?

Дарҳақиқат, пропорционал сайлов тизимида сайловларда олинган овозлар билан амалда парламентда эгалланган мандатлар мутаносиблигини таъминлашдир. Хорижий мамлакатларда пропорционал сайлов тизимидаги қўйилган минимал талабларга тўхталадиган бўлсак, буни қуйидаги мисолларда кўришимиз мумкин. Лихтенштейнда саккиз фоиз, Туркияда етти фоиз, Исроилда уч фоиз, Швецияда тўрт фоиз, Данияда икки фоиз, Польшада беш фоиз ва бошқа шу каби мисолларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Пропорционал сайлов тизимида ҳам аёллар сонининг номзодларга нисбатан салмоғига алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Сайлов кодексида партия рўйхатидаги номзодларнинг тартиб рақами бўйича камида ҳар ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл номзод бўлиши кераклиги белгилаб қўйилди.

Мисол тариқасида, қўшни мамлакатларимизда Қозоғистонда партиявий рўйхатдаги номзодларнинг 30 фоиз аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлиши кераклиги, Норвегияда 40 фоиз, Данияда 50 фоиз вакили бўлиши талаби белгилаб қўйилган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, партия рўйхати бўйича етмиш беш нафардан кам бўлмаган, юз нафардан кўп бўлмаган депутатликка номзодлар кўрсатишга ваколатлидир.

Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас. Айни бир номзод фақат битта партия рўйхатига киритилиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат, бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар партия рўйхатига киритилиши мумкин эмас. Депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.

Ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасига сайлов натижаларини аниқлаш тартиби қандай?

Биринчидан, ягона сайлов округи бўйича сайланадиган Қонунчилик палатасининг депутатлик ўринлари ушбу сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг етти фоизи ва ундан кўпроқ фоизини тўплаган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади.

Иккинчидан, депутатлик ўринлари тақсимланадиган сиёсий партиялар учун ёқлаб берилган умумий овозлар сони аниқланади.

Учинчидан, аниқланган овозлар сони етмиш бешга бўлинади ҳамда олинган натижа сайлов коэффициенти ҳисобланади.

Тўртинчидан, депутатлик ўринлари тақсимланадиган ҳар бир сиёсий партия учун ёқлаб берилган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинади ва шу орқали аниқланган соннинг бутун қисми ҳар бир сиёсий партияга тақдим этиладиган депутатлик ўрнига тенг бўлади.

Бешинчидан, мабодо депутатлик ўрни тақсимланмай қоладиган бўлса, депутатлик ўринлари аниқланган соннинг қолдиқ қисми каттароқ бўлган сиёсий партияларга биттадан мандат бериш орқали тақсимланади. Қолдиқ қисми тенг бўлган тақдирда, устуворлик кўпроқ овоз тўплаган сиёсий партияга берилади.

Олтинчидан, Марказий сайлов комиссияси депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисида баённома тузади.

Еттинчидан, партия рўйхати бўйича сайланган депутатлар ўртасида депутатлик мандатларини тақсимлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилган депутатликка номзодлар кетма-кетлигига мувофиқ амалга оширилади.

Мухтасар қилиб айтганда, пропорционал сайлов тизими сайловчиларнинг овозларини самарали равишда ҳисобга олишни таъминлаб беради.

Шерзод Зулфиқоров, 

Юридик фанлари доктори, профессор. 

ЎзА