Малумки, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 августдаги фармонига асосан қурилишга доир техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Мазкур фармон билан Вазирлик ҳузурида Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилиб, фаолият юритаётганига кўп вақт ўтмай, бир қатор йўналишларда қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Хусусан, стандартлаштириш соҳасини ривожлантиришда Европа Иттифоқидаги қурилиш иншоотларини конструктив лойиҳалаш бўйича Европа Кенгашининг Еврокодларини амалиётга жорий этиш ишлари босқичма босқич амалга оширилмоқда.

Еврокодлар Ўзбекистонда қурилиш индустрияси рақобатбардошлиги ва экспортбоплигини ошириш, маҳаллий ва халқаро инвесторларни кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлувчи омилларни бартараф этиш, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш бўйича давлат сиёсати ва мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Еврокодларда келтирилган стандартлар бирламчи талаблар ҳисобланади. Шу боис Еврокодлар синов лабораториялари, стандартлаштириш тизимлари ва услублари, қурилиш материаллари саноати, сифат менежменти, кадрлар салоҳияти ва бошқа зарур инфратузилма билан интеграллашган ҳолда ривожлантириб борилади.

Бунда, Еврокодларни ҳамда унда келтирилган стандартларни Республикамизда қабул қилиш орқали қурилиш материаллари ва буюмлари учун Европа сертификатларини олиш харажатлари қисқаради, Европа Иттифоқи қонунчилигига жавоб берувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг Европа бозорларига эркин кириб боришига имкон яратилади.

Бунинг учун қабул қилиниши режалаштирилаётган ҳар бир Еврокод тўлиқ амалиётга жорий этилишини таъминловчи стандартлардан 30 дан ортиқ халқаро ва Европа стандартларини қабул қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда БAЗAЛТ маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт географиясини ошириш мақсадида халқаро талаблар жорий қилинмоқда. Натижада AҚШ, Aнглия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Хитой, Туркия ва шу каби мамлакатларга етказиб бериш кенг кўламда йўлга қўйилган бўлиб, бошқа мамлакатлар маҳсулотлари билан сифат ва нарх жиҳатидан муносиб равишда рақобатлашмоқда.

Бундан ташқари, янги турдаги Базальт маҳсулотларини МДҲ мамлакатларига ягона талаблар асосида етказиб бериш, ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш мақсадида Институт томонидан МДҲ давлатлари иштирок этувчи Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича Давлатлараро Кенгаш (МГС да «Базальт маҳсулотлари» номли давлатлараро техник қўмита ташкил этиш юзасидан Давлатлараро Кенгаш (МГС) масъуллари билан учрашувлар ташкил этилди.

Шу билан бирга бугунги кунда Базальт маҳсулотлари учун 4 та Америка қўшма штатларининг ҳамда 1 та Европанинг стандартлари миллий стандарт сифатида қабул қилиниб, маҳсулотларнинг мазкур стандартлар талабларига мувофиқлиги Европа мамлакатларига синовлардан ўтказилди.

Халқаро стандартларнинг асосий мақсади халқаро миқёсда янги сифат тизимларини ишлаб чиқиш ва мавжуд сифат тизимларини такомиллаштириш ва уларни сертификатлаш учун ягона услубий асосни яратиш ҳисобланади.

Бугунги кунда Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий тадқиқот институти томонидан Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ИСО) нинг техник қўмиталарига аъзоликни таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, эндиликда мазкур маҳсулот турлари бўйича ишлаб чиқарилаётган стандартларга миллий ишлаб чиқарувчиларнинг таклифлари киритилиб, ишлаб чиқаришни халқаро стандарт талабига эмас, халқаро стандартларнинг маҳаллий шарт-шароитларга мослашишига эришилади.

Бундан ташқари шу йил август ойининг якунида Ўзбекистон тарихида илк бор Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг Бетон конструкциялар бўйича техник қўмитасининг йиғилиши Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Мазкур тадбирда илғор хорижий мамлакатларнинг 10 дан ортиқ вакиллари иштироки ҳамда халқаро миқёсида Бетон конструкциялар бўйича амалга оширилаётган истиқболлар тўғрисида муҳокамалар кун тартибига киритилган.

Техник регламентлар ишлаб чиқиш режасига мувофиқ 2024-2025 йилларда қабул қилиниши белгиланган эшик ва ромлар, металлургия, болалар ўйин майдонлари жиҳозлари ҳамда қурилиш материаллари ва буюмлар учун мажбурий хавфсизлик талабларини белгиловчи техник регламентларни халқаро талаблар асосида ишлаб чиқиш ишлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда олиб борилмоқда. Мазкур техник регламентларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш халқаро талаблар асосида янги босқичга ўтилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА