1949 йил 12 август куни Швейцарияда имзоланиб, 1950 йил 21 октябрда кучга кирган Женева конвенцияси уруш учун инсонпарварлик қоидасини белгилайдиган кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланади.
Мазкур ҳужжат замонавий халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилини мустаҳкамлаган. Масалан, бир бандда уруш рақиб томон қуролли кучларига қарши олиб борилади, оддий аҳоли, беморлар, ярадорлар, ҳарбий асирлар ва бошқаларга қарата ҳарбий ҳаракат тақиқланади, дейилган.
Женева конвенцияси тўрт универсал халқаро шартномадан иборат: Қуролли кучлардаги ярадор ва беморлар аҳволини яхшилаш; Қуролли кучларнинг денгиздаги ярадор, касал ва кема ҳалокатига учраган аъзолари аҳволини яхшилаш; Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш; Уруш даврида фуқароларни ҳимоя қилиш.
Ҳужжат уруш эълон қилинган ёки ҳар қандай қуролли тўқнашув содир этилган тақдирда, ҳатто томонлардан бири уруш ҳолатини тан олмаса-да, муайян ҳудудни босиб олганда, ишғол қуролли қаршиликка учрамаса ҳам қўлланади. Агар Женева конвенцияси иштирокчиси бўлмаган бирор мамлакат ҳужжат қоидасига амал қилса, ушбу давлат билан зиддиятдаги Конвенция иштирокчиси бўлган қарама-қарши томон ҳам ўз ҳаракатида шу қоидаларга риоя қилиши шарт. Женева конвенцияси нейтрал давлатлар учун ҳам мажбурий.
Женева конвенцияси барча давлатлар томонидан ратификация қилинган ва шу орқали урушнинг инсоният учун ҳалокатли оқибатини юмшатишда муайян қоидалар билан чекланиши кераклигини тан олади. Ҳарбий ҳаракатда қатнашмаган ёки қатнашишни тўхтатган одамларни ҳимоя қиладиган халқаро гуманитар ҳуқуқ (ХГҲ) асосини ташкил қилади.
ХГҲ ўз навбатида жанговар ҳаракатни тартибга солади ва қуролли тўқнашувда инсониятнинг муайян қисмини сақлаб қолиш, инсонлар азоб-уқубатини енгиллаштириш учун уруш воситаси ва усулларини чеклайди. Женева конвенцияси, умуман, ХГҲ каби можародан жабрланган барча одамлар ҳуқуқини ҳимоя қилади ва ҳар бир киши, ҳатто душман ҳам инсон сифатида кўрилишини таъминлашга қаратилган шартнома ҳисобланади.
Мамлакатимиз Женева конвенцияси барча 4 ҳужжатига 1993 йил 3 сентябрда қўшилган.
С.Раҳимов, ЎзА