Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Ушбу қонун лойиҳаси билан ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда, — деди депутат Дилором Имомова. — Хусусан, Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят-процессуал кодексларида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш билан боғлиқ жиноятлар прокуратура органларининг терговига тааллуқли экани белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари cудларда ўзбошимчалик билан эгалланган давлат эгалигидаги ер участкаларини қайтариш ҳамда ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлашга оид ишларни кўриб чиқишнинг алоҳида тартибини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқаролик ва иқтисодий судларга ер тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ ариза киритганда, давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.

Депутат қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, ерларни ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олиш, ер қонунчилигига риоя қилишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА