Рақамли технологиялар вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида сунъий интеллект соҳасида имкониятларни ривожлантириш ва мамлакатнинг тайёргарлик даражасини оширишга бағишланган «AILA in Uzbekistan Workshop» семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги ютуқлари, шунингдек, барқарор ривожланиш йўлида халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти муҳокама қилинди. Семинарни Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман очиб берди.

«Oxford Insights» компаниясининг катта маслаҳатчиси Суламаан Раҳим тадбирда сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича глобал индексда Ўзбекистоннинг жорий кўрсаткичларини батафсил таҳлил қилди.

Семинарда рақамли ёндашув, сунъий интеллектнинг барқарор ривожланишга таъсири, унинг бошқаруви ва этикаси каби масалалар бўйича маърузалар тингланди, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА