Самарқанд шаҳрида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.
Кейинги йилларда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий шароитларини юксалтириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига асосан Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. У ушбу вазифада 2018 йил июль ойидан буён ишлаб келаётган эди.
Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаб келган Адиз Музаффарович Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Адиз Бобоев иш фаолиятини 1993 йилда Бухоро вилояти молия бошқармасида иқтисодчи сифатида бошлаб, 2008 йилгача турли вазифаларда ишлаган. Сўнгра Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасида, вазирлик тузилмасидаги бошқа лавозимларда фаолият кўрсатган. 2024 йил январь ойидан Республика Ҳисоб палатаси раиси сифатида ишлаб келаётган эди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири