Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Италияга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Италия Ички ишлар вазири Маттео Пьянтедози билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Италия Республикасига расмий ташрифида имзоланган “Йўл харитаси”нинг ижроси бўйича Италия томонининг таклифига биноан амалга оширилди.

Учрашувда томонлар 2023 йил июнь ойида Рим шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ва Италия ҳукуматлари ўртасида ички ишлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим ижросига эътибор қаратди.

Томонлар терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, ҳуқуқ-тартибот ҳамда рақамли технологияларни соҳага татбиқ этишда идоралараро мувофиқлаштириш механизмини яратиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги масалаларни муҳокама қилди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.

Ташриф жараёнида делегация аъзолари Италия Давлат полицияси ҳамда Миллий полиция Академияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Н.Абдуримова, ЎзА