Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги ва Глобал яшил ўсиш институти (Жанубий Корея) ўртасида имзоланган меморандум доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) томонидан молиялаштирилган “Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш учун Қорақалпоғистон Республикасини яшил реабилитация қилиш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида қиймати 850 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ эвазига Қорақалпоғистонга замонавий сув тежовчи ускуналар олиб келиниши ва амалиётга жорий этилиши белгиланган.
Яқинда Чимбой туманидаги “Юзбоши” фермер хўжалигига Италиянинг CASSELLA компанияси томонидан ишлаб чиқарилган шланг барабанли машиналар етказиб берилди. Ёмғирлатиб суғориш типига кирадиган сув тежовчи технология – мобил суғориш тизими ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу усулда анъанавий суғоришга нисбатан 40-50 фоизгача сув иқтисод қилинади.
Барабан машиналарининг асосий афзаллиги юқори ҳаракатчанликдир. Шундай машиналардан бири катта майдонни суғоришни таъминлайди, яъни суғориш кенглиги 100 метр ва шланг узунлиги 400 метр, умумий тўрт гектар майдонни суғориш имконияти мавжуд. Битта машина кунига ўнлаб гектар майдонни суғоради. Катта майдонларда бир вақтнинг ўзида бир нечта пуркагичлардан фойдаланилади, бу ўз навбатида тез ва самарали суғориш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида Бўзатов, Қораўзак ва Кегейли туманларига ҳам мазкур турдаги ёмғирлатиб суғориш технологиялари олиб келиниши белгиланган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар агарда ушбу тежамкор технологияларни ўз далаларида жорий этса, Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида субсидия маблағи олиши мумкин.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири